Қозоғистон Президенти халқаро олимпиадалар ғолиблари ва совриндорлари билан учрашди

Қозоғистон Президенти халқаро олимпиадалар ғолиблари ва совриндорлари билан учрашди

Бугун Қозоғистон Президенти Ақўрдада халқаро олимпиадалар ғолиблари ва совриндорлари билан учрашди. Улар физика, химия, биология, математика, информатика, география ва лингвистика фанлари бўйича 6 та олтин, 11 та кумуш ва 4 та бронза медаль олишган. Қосим-Жўмарт Тўқаев иқтидорли ёшларни илмий мусобақалардаги ёрқин натижалари билан табриклади, мамлакат ёшларининг юксак салоҳиятини алоҳида таъкидлади. Жорий йилнинг ўзида қозоғистонлик ўқувчилар 44 та халқаро олимпиада ва илмий танловларда қатнашди, турли анжуманларда мингтадан зиёд соврин олди, уларнинг 200 тадан кўпроғи – олий мукофот.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Қозоғистон ёшлари сизни намуна ва илҳом манбаи деб билади. Таълим, илм-фан, инновациялар, илғор технологиялар – ривожланишнинг асосий воситалари. Глобал рақобат шароитида фақат билимли ва интеллектуал ривожланган миллатларгина олдинга чиқиб олади. Шунинг учун айнан сизларни "замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари", деб биламан. Қозоғистон ёшлари ватанпарвар, билимдон ва меҳнатсевар бўлишини истайман.


Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон фаол ривожланаётгани, мамлакатда туб ислоҳотлар амалга оширилгани, янги Конституция қабул қилинганини таъкидлади. Асосий қонунда илм-фан, таълим ва инновацияларга устуворлик берилган. Бу - янги марраларни забт этиш учун имкониятлар эшигини очади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қурултайга сайловлар муваффақиятли ва бенуқсон ташкил этилди, десак муболаға бўлмайди. Фурсатдан фойдаланиб, фаоллиги ва янгиланиш стратегиямизни қўллаб-қувватлаётгани учун бутун халқимизга самимий миннатдорлик билдираман. Кузатувчилар, шу жумладан, халқаро кузатувчилар сайлов давомида самарали иш олиб борди. Уларга чуқур миннатдорчилик билдираман. Марказий сайлов комиссияси аъзолари томонидан амалга оширилган улкан ишлар ҳам таҳсинга лойиқ.


Давлат раҳбари иқтидорли ёшларни доимо қўллаб-қувватлаши, уларнинг сифатли таълим олиши ва камол топиши учун барча шароитларни яратиб беришини таъкидлади. Анъанага кўра, Қосим-Жўмарт Тўқаев пул мукофотлари сертификатларини топширди. Давлат раҳбари нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиблари ва совриндорларининг ўқитувчи ва мураббийларига, интеллектуал беллашувларда ғолибликни қўлга киритишга кўмаклашганларга ҳам миннатдорлик билдирди. Улар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.


Абдумалик Сарманов таржимаси