Қозоғистон Президенти Елена Рибакина билан учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев спортчини АҚШ очиқ чемпионатидаги ғалабаси ҳамда теннис бўйича дунёнинг биринчи ракеткаси мақомини олгани билан табриклади. Давлат раҳбари ушбу муваффақиятнинг тарихий аҳамияти, Елена Рибакинанинг Қозоғистон спортини ривожлантиришга қўшган беқиёс ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Президент ҳамюртимиз кортда ҳам, одамлар билан мулоқотда ҳам ўта маданиятли эканини айтиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев фикрича, бу Қозоғистонни спорт соҳасини қўллаб-қувватловчи, ривожланган давлат сифатида тақдим этиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Елена Рибакина бундай юксак рағбат учун миннатдорчилик билдирди, бундан буён ҳам юқори натижаларга эришиб, маҳаллий мухлисларни ғалабалар билан қувонтириш ниятида эканини айтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев теннисни ривожлантириш ва оммалаштиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Елена Рибакинани III даражали «Барс» ордени билан тақдирлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Келажакда катта спортда муваффақиятлар тилайман, Сизнинг ғалабаларингиздан сўнг болаларимизда теннисга қизиқиш ортяпти, кўплаб ёшлар теннис секцияларига ёзилмоқда. Улар ҳам чемпион бўлишни хоҳлайди. Сиз ижобий ўрнак кўрсатяпсиз, бу жуда муҳим.
Елена Рибакина, теннисчи, дунёнинг биринчи ракеткаси:
- «US Open» мусобақасида ғалаба қозонганим ва албатта, рейтингда шундай ўринга эришганимдан фахрланаман, бениҳоя хурсандман. Бу медаль мен учун шараф! Қозоғистондан, ота-онамдан, жамоамдан миннатдорман. Умид қиламанки, ёш авлодни илҳомлантиришда давом этаман. Қайси йўналишда ривожланишни яна ўйлаб кўраман, лекин олдимда катта мақсадлар турибди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

