Қозоғистон Президенти Бокуда ОҲИЧКнинг VII саммитида иштирок этди

Қозоғистон Президенти Бокуда ОҲИЧКнинг VII саммитида иштирок этди

ОҲИЧК бевосита мулоқот шаклида Осиёда хавфсизликни таъминлаш ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи учун ноёб майдонча. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Кенгашнинг VII саммитидаги нутқида шундай деди. 30 йилча аввал Қозоғистон ушбу форумни ташкил этиш ташаббускори бўлганди. Бугунги кунда эса ташкилотга аъзо давлатлар Осиё ҳудудининг 90 фоизини, сайёра аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этади. Президент бу кўрсаткичлар ОҲИЧКнинг улкан салоҳиятини акс эттириши ҳамда ундан фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди. Ташкилот изчил мулоқот билан конструктив маслаҳатлашувларга асосланган хавфсизлик моделини илгари суриши лозим.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Ташкилот низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, қуролсизланиш ва тинчлик ўрнатишга салмоқли ҳисса қўша олади. Бу ўта долзарб масала. БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро институтлар билан ҳамкорлик қилиб, ОҲИЧК Осиёда ҳам, ундан ташқарида ҳам келишмовчиликларни бартараф этишда фаолроқ ўрин тутиши керак. Шу муносабат билан иштирокчи давлатларни сиёсий иродамизни натижаларга олиб келадиган аниқ ташаббусларга айлантиришга чақирамиз. Амалий қадам сифатида Превентив дипломатия механизмини ишга туширишни таклиф этамиз.

Ишончни мустаҳкамлаш чоралари рақамли соҳага ҳам татбиқ этилиши керак. Сунъий интеллект имкониятлари халқаро қоидаларга қараганда тезроқ ривожланмоқда. Шу муносабат билан давлат раҳбари Вашингтонда суперинтеллект бўйича имзоланган битимни олқишлади. У БМТ шафелигидаги халқаро шартномага асос бўлиши мумкин.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ишончим комилки, ОҲИЧК бу жараёнга салмоқли ҳисса қўша олади. Ушбу соҳадаги глобал саъй-ҳаракатлар доирасида Қозоғистон Алматида БМТ ЭСКАТОнинг барқарор ривожланиши учун Осиё-Тинч океани рақамли ечимлар марказини жойлаштиради. Умид қиламанки, ОҲИЧКга аъзо давлатлар минтақамизнинг рақамли келажагини биргаликда шакллантириш учун ушбу марказ ишига қўшилади.

ОҲИЧК йирик трансчегаравий лойиҳаларни амалга оширишга ҳисса қўшишга қодир. Қозоғистон Президенти биргаликда ўзаро транспорт боғланиши бўйича ташкилот стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу минтақадаги транспорт йўналишлари, шу жумладан, Ўрта йўлак салоҳиятини ўрганишга ёрдам беради. Қосим-Жўмарт Тўқаев энергетика хавфсизлиги муҳимлигини таъкидлади. Бунда ҳам биринчи навбатда тиғиз ҳамкорлик зарур. Шунингдек, Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон энергия тизимларини бирлаштирадиган ва уларни Европа бозорлари билан боғлайдиган Каспий яшил энергия йўлагини яратмоқда. Президент Озарбайжон билан биргаликда «Боку-Тбилиси-Жайҳон» қувури орқали Қозоғистон нефтини етказиб бериш ҳажмини ошириш режалари билан ўртоқлашди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Кўриниб турибди-ки, Каспий денгизи нафақат минтақамиз, балки бутун дунё энергетика хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қозоғистон Каспий денгизи минтақадаги ва бошқа мамлакатлар фаровонлиги йўлида тинчлик ҳамда ҳамкорлик макони бўлиб қолиши кераклигига қатъий ишонади. Сув захиралари ва экология соҳасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамиятга эга.

Қозоғистон сув захиралари ҳамкорлик манбаи бўлиб қолиши тарафдори. Қосим-Жўмарт Тўқаев ОҲИЧКда Сув ҳамкорлиги тузилмаси яратишни таклиф қилди. У технологик алмашинув, қўшма тадқиқотлар ва сув тежовчи ечимлар жорий этиш имконини беради. Давлат раҳбари таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади. Қозоғистон ОҲИЧК мамлакатлари талабаларига стипендиялар, олимларга грантлар беришга тайёр. Шу билан бирга, ташкилот ҳам кенгайишда давом этяпти. Ушбу анжуманда унга Лаос қўшилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси