Қозоғистон Шимолий Оролни тиклаш бўйича ишларни давом эттиради. Сўнгги 20 йил ичида сув ҳавзаси майдони учдан бир қисмдан кўпроққа, сув ҳажми деярли икки марта ошди. Айни пайтда Жаҳон банки билан ҳамкорликда лойиҳанинг навбатдаги босқичи тайёрланмоқда. Унда Кўкарал тўғонини реконструкция қилиш кўзда тутилган. Денгиз сатҳи деярли 4 минг квадрат километрга, сув ҳажми эса 34 миллиард куб метрга етади. Айни вақтда ҳавзанинг қуриб қолган қисми кўкаламзорлаштирилмоқда. Ҳозирча бир миллион гектардан кўпроқ майдонда иш давом этяпти. Шимолий Оролнинг қайта тикланиши кўп жиҳатдан Сирдарё сув оқими барқарорлиги ҳамда Қозоғистоннинг қўшни давлатлар билан ҳамкорлигига боғлиқ.
Жандўс Салимов, Сув захиралари ва ирригация вазири ўринбосари:
- Чегараоша келадиган сувга келсак, Қозоғистон барча қўшни давлатлар билан ҳуқуқий базани шакллантирди, унинг доирасида барқарор ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришни таъминлайдиган икки томонлама комиссиялар ташкил этилди. Мисол учун, ўтган йили 10 йиллик музокаралар натижасида Ўзбекистон Республикаси билан трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисида битим имзоланди. Сув дипломатияси ва Сирдарёдаги сув омборларининг келишилган тартибда ишлаши туфайли биз сув тақчил бўлган даврда ҳам Шимолий Оролга сув оқими барқарор боришини таъминлай олдик.
Ҳукумат Каспий денгизини сақлаб қолиш бўйича фаолиятни кучайтирмоқда. Қозоғистон унинг соҳилидаги давлатлар билан бирга тегишли дастур тайёрлаяпти, илмий ҳамкорликни кенгайтириб, мониторинг тизимини такомиллаштирмоқда. Денгиз сатҳи пасайиши оқибатларига мослашиш, биохилма-хилликни сақлаш ҳамда ифлосланишга қарши курашга алоҳида эътибор қаратилган. БМТ Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан қатор лойиҳалар ҳам амалга ошириляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси

