Қозоғистон МДҲни 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини таклиф қилди

Қозоғистон МДҲни 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини таклиф қилди

Қозоғистон Президенти 2035 йилгача мўлжалланган МДҲни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркманистонда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида  ўрта муддатли истиқболда иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, саноат-технологик шериклик алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлади. У Қозоғистон МДҲ мамлакатларига алоҳида эътибор беришини айтди. Ўтган йили Қозоғистоннинг маҳсулот айирбошлаш ҳажми 40 миллиард долларни ташкил этди, жорий йилнинг етти ойида бу кўрсаткич яна 10 фоизга ошди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қўшма ишлаб чиқаришларни очиш бўйича катта тажриба тўпланди. Россия Федерацияси иштирокида амалга оширилаётган Қозоғистон саноат лойиҳалари портфелида умумий қиймати 61 миллиард доллар бўлган 178 та лойиҳа ҳамда ташаббус мавжуд, улардан 124 таси амалга оширилган. Ўзбекистон билан қарийб 2 миллиард долларлик 80 та лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Беларусь билан бирга махсус ва қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев хизмат кўрсатишни кенгайтириш билан бир қаторда инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади. Президент келгуси уч йилга мўлжалланган МДҲ давлатларининг энг яхши саноат-технологик лойиҳалари рўйхатини тузишни таклиф қилди. Транспорт ва транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш яна бир истиқболли йўналиши сифатида қайд этилди. МДҲга аъзо давлатлар ҳудудидан ўтадиган асосий транспорт йўлларини ўзаро боғлаш концепцияси шу мақсадга хизмат қилади. Ушбу ҳужжат жорий йилнинг май ойида мамлакатимиз ташаббуси билан қабул қилинган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистон ушбу концепцияни амалга оширишга ҳисса қўшмоқда. Август ойида умумий узунлиги 1,5 минг километрдан ортиқ бўлган Орол-Каспий магистрали қурилиши бошланди. Ушбу стратегик лойиҳа ишга туширилгач, Хитойдан Европагача бўлган автомобиль йўли қарийб минг километрга, транзит юкларни етказиб бериш муддати эса уч кунгача қисқаради. Бошқа йирик лойиҳалар бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Президент рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш кўлами кенгайиб бораётганига эътибор қаратди. Бу борада тажриба алмашиш механизмини шакллантириш, СИ соҳаси мутахассисларининг МДҲ доирасидаги форумини ўтказишни таклиф қилди. Давлат раҳбари «МДҲ кутубхоналарининг олтин жамғармаси»ни яратиш ташаббусини илгари сурди. Уни Астана шаҳридаги Президент кутубхонасида жойлаштириш режалаштирилган. Қурилиш ишлари келаси йилнинг ўрталарида якунланади. Бундан ташқари, Қосим-Жўмарт Тўқаев ташкилотнинг нуфузини ошириш учун "МДҲ плюс" саммити ташкил этишни таклиф қилди. Давлат раҳбари нутқининг якунида 35 йил давомида ҳамдўстлик давлатлар ва халқлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланганини таъкидлади. Шунингдек, келгуси йилда МДҲга раислик қиладиган Ўзбекистонга муваффақиятлар тилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.