Қозоғистон БМТ Низомининг мақсад-тамойилларига содиқ қолган ҳолда, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида ташкилотга аъзо барча давлатлар билан ҳамкорликни давом эттиради. Республика Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясининг умумий мунозараларида мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларни кўрсатди. Унинг таъкидлашича, Қозоғистон учун кўп томонлама ҳамкорлик ишончни мустаҳкамлашнинг асосий воситаси ҳисобланади. Мухтар Тлеуберди низолашаётган томонларни имкон қадар тезроқ музокара столига ўтиришга чақирди. Вазир БМТни ислоҳ қилиш масаласига ҳам тўхталди.
Мухтар Тлеуберди, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири:
- Президент Тўқаев қаршимизда турган чорловларни ҳал қилишда давлатларни бирлаштириш имконияти бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тенги йўқ, ягона универсал платформалигини бир неча бор таъкидлаган. БМТ ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилиши, мослашиши ва натижаларга эришиши зарур. Бу янгиланиш жараёнида Хавфсизлик Кенгаши ислоҳоти марказий ўрин эгаллайди.
Қозоғистон учун айниқса долзарб бўлган сув масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакат БМТга аъзо давлатлар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришга, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни кучайтиришга чақирди. Ташаббуслар аниқ ва самарали амалга оширилиши керак. Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди таъкидлагани каби, ташаббусни амалга ошириш халқаро ҳамжамият, жумладан, Қозоғистон ҳамкорларининг қўллаб-қувватлаши ва иштирокини талаб қилади.
Мухтар Тлеуберди, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири:
– Халқаро сув ташкилоти БМТ тизимининг ажралмас қисмига айланиши керак, деб ҳисоблаймиз. Албатта, аъзо давлатлар ўртасида бу масала бўйича турли фикрлар бор. Ташкилот фаолияти учун зарур бўлган бюджет — асосий масалалардан бири. Аммо дунёда муайян платформалар мавжуд. Агар БМТ сув платформаси ҳақида гапирсак, у Халқаро сув ташкилоти сифатида иш бошлашга деярли тайёр.
Қуролсизланиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Вазир Қозоғистоннинг ядровий қуролсизланиш ва ядровий давлатлар ўртасидаги мулоқотни қайта тиклаш борасидаги изчил позициясини тасдиқлади. Юртимизнинг Халқаро биологик хавфсизлик агентлигини ташкил этиш ташаббусини айтиб ўтди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

