Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция котибиятининг минтақавий офиси Алмати шаҳрида жойлаштирилиши мумкин. Арманистон пойтахти Ереванда бўлиб ўтган COP17 Биохилма-хилликни сақлаш бўйича етакчилар саммитида Қозоғистон Президенти шундай таклиф билдирди. Офис Марказий Осиё мамлакатларига биологик хилма-хиллик бўйича Кунминг-Монреаль глобал дастурини амалга оширишда, табиатни муҳофаза қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни бошлашга кўмаклашади. Бундан ташқари, Қосим-Жўмарт Тўқаев Астанадаги Халқаро сунъий интеллект марказидан биохилма-хиллик маълумотларини таҳлил қилиш, эрта огоҳлантириш тизимларини ишлаб чиқиш ва мутахассисларни тайёрлаш платформаси сифатида фойдаланишни илгари сурди. Давлат раҳбари умумий табиий меросни асраб-авайлашда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини яна бир бор таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатимизнинг бу борадаги муваффақиятлари билан ҳам ўртоқлашди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Мамлакатимиз тарихида илк бор юксак экологик маданиятни шакллантириш асосий тамойиллардан бири сифатида Конституцияда кўрсатилди. Эндиликда фуқаролар табиатни асраб-авайлаб, унинг бойликларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиши шарт. Бундан ташқари, инсон ҳаёти ва саломатлиги учун қулай бўлган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлатнинг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланган. Ишончимиз комилки, табиий меросимизни асраб-авайлаш иқтисодий тараққиёт билан уйғунликда амалга оширилиши лозим.
Бундан ташқари, «Taza Qazaqstan» экологик акцияси умуммиллий мафкурага айланмоқда. Давлат раҳбари Қозоғистоннинг сайғоқлар ҳамда қор қоплонлари популяциясини тиклаш борасидаги муваффақиятлари ҳақида ҳам гапирди. Мамлакатда биохилма-хилликни сақлаш, алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тармоғини кенгайтириш бўйича Миллий дастур қабул қилинган. Қозоғистонда Генетик биохилма-хиллик миллий банки ҳам ташкил этилмоқда. Мамлакат Каспийбўйи давлатлари кўмагида Каспий денгизи сув захираларини сақлаб қолиш бўйича давлатлараро дастурни қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Қосим-Жўмарт Тўқаев хорижий ҳамкорларни Қозоғистоннинг ноёб турларни муҳофаза қилиш билан бирга биохилма-хилликни сақлаш халқаро жамғармасини таъсис этиш ташаббусига қўшилишга чақирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Қозоғистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимида Халқаро сув ташкилотини ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу ташаббус Марказий Осиё мамлакатларини бирлаштириши, барча манфаатдор давлатларнинг иштироки учун очиқ бўлиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Мақсад - сув хавфсизлигини мустаҳкамлаш, омон қолиши дарёлар, кўллар ҳамда сувли-ботқоқли ҳудудларнинг ҳолатига боғлиқ экотизимларни ҳимоя қилиш.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

