Қозоғистон Президенти
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ички ишлар вазирлари билан
учрашди. Унда ТДТ Бош котиби, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия,
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари иштирок этди. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатимиз
ушбу нуфузли тузилма билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга устувор аҳамият беришини
таъкидлади. Томонлар хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Президент замонавий таҳдид ва чорловларга
эътибор қаратди. Лекин глобал
вазият беқарор тус олган
даврда мамлакатлар
олдида янги имкониятлар очилаётгани таъкидланди. Тараққиёт билан ҳамнафас ҳаракатланиш учун Қозоғистон туб
ислоҳотларни амалга оширди: янги
Конституция қабул қилинди, вице-президент лавозими таъсис этилди,
Ҳукуматнинг янги таркиби иш бошлади. Президент давлат бошқаруви ва хавфсизлик
тизимида амалга оширилган ўзгаришларни ҳам қайд этди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Янги давлат органи -
Хавфсизлик Кенгаши девони ташкил этилди, унинг вазифаларига глобал ва миллий
таҳдидларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда миллий хавфсизлик соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш киритилди. Бундан ташқари, яқин
келажакда олий маслаҳат органи - Халқ Кенгаши тузилади. Шу тариқа, давлат бошқаруви тизими
тубдан янгиланмоқда.
Кенг кўламли ўзгаришлар барча соҳаларга, шу жумладан, ҳуқуқни
муҳофаза қилиш фаолиятига ҳам таъсир кўрсатади.
Қубаничбек Ўмуралиев, Туркий
давлатлар ташкилоти Бош котиби:
– Бугун Сизнинг
раҳбарлигингизда ва узоқни кўзлаган сиёсатингиз туфайли Қозоғистон
Республикасининг барча соҳаларида кенг кўламли ва муҳим ислоҳотлар амалга
оширилмоқда. Биз
бунга гувоҳмиз.
Туркий давлатлар ташкилоти кузатувчилари миссияси янги Конституция бўйича
референдум ҳамда Қурултой
сайловларида бўлди.
Жараёнлар қардош
Қозоғистон халқи мамлакатда изчиллик билан амалга оширилаётган демократик
ўзгаришларни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

