Қозоқ тили – Мустақилликнинг мустаҳкам рамзи, Ватанимизнинг давлат тили ва миллатнинг сўнмас руҳидир. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев «Қозоқ тили» халқаро жамиятининг X Қурултойида шуни таъкидлаб ўтди. Давлат раҳбари айтганидек, унга ҳурмат ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимизга айланмоғи лозим. Президент статистик маълумотларга алоҳида тўхталди. Жорий йилда мактаб ўқувчиларининг 71 фоизи қозоқ тилида таълим бериладиган синфларга қабул қилинган. Қозоқ тилида таҳсил олаётган коллеж ҳамда олий ўқув юрти талабалари сони ҳам ортиб бораётир.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Қозоқ тили қўлланиши, креатив саноатни ҳам олсак, барча соҳаларда кенгаймоқда. Ноширлик, мусиқий, кинематография бозорида қозоқ тилидаги маҳсулотлар улуши сезиларли даражада ошаётгани қайд этиляпти. Мсиол учун, ўтган йили нашр этилган 6 мингдан ортиқ китобнинг 70 фоизи, бу йил Қозоғистонда суратга олинган 71 та фильмнинг 63 таси қозоқ тилида. Булар бари қозоқ тили жамиятимизда катта талабга эга бўлиб бораётганидан гувоҳлик беради.
Илғор технологиялар соҳасида қозоқ тили кенг қўлланяпти. Юртимизда кўпсонли рақамли платформалар амалда давлат тилида хизмат кўрсатиб келмоқда. Унинг салоҳиятини халқаро технология компаниялари тобора кўпроқ эътироф этиб боряпти, дея таъкидлади Президент.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Масалан, Open.AI компанияси тадқиқотларига кўра, қозоқ тили кейинги уч йил ичида сунъий идрок тизимларида ишлатилиш соҳаси шиддат билан кенгайиб бораётган тиллар сирасига киради. Yandex маълумотларига биноан, унинг қозоқ тилидаги иловаларидан бирининг фойдаланувчилари сони 2025 йил билан қиёслаганда, 30 фоизга ортган. Шунингдек, ўтган йили Google қозоқ тилини ўзидаги Gemini тил моделига киритган.
Шу билан бирга, Президент қозоқ тилидаги маълумотларнинг ягона рақамли базасини яратишни топширди. Бу ишни келаси йил сўнгига қадар якунлаш лозим. Давлат раҳбари энг аввало китобларни, даврий нашрларни, архив ҳужжатларини, аудио-видеоёзувларни, музей материалларини рақамлаштириш ишини тезлаштириш кераклигини айтди. Қолаверса, мамлакат бошчиси орфографик меъёр ва қоидаларни қайта кўриб чиқиб, тизимлаштириш заруратига ҳам урғу берди. Олимлар, экспертлар, лингвистлар ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ зиммасига шу ва бошқа вазифалар юклатилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Биз қозоқ тилини равнақ топтиришимиз, халқаро тил ҳамжамиятида унинг ўрнини мустаҳкамлашимиз даркор. Она тилимизнинг бошқа тиллар билан ўзаро таъсирини таъминлаш ўта муҳим. Шу билан боғлиқ ҳолда, «Қозоқ тили» жамияти томонидан амалга оширилаётган Oxford Qazaq Dictionary лойиҳасини давом эттириш керак. Мен ушбу луғат билан танишиб чиқдим, уни ўта фойдали деб биламан. Қозоқ тилини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий расмий тиллари билан боғлайдиган сифатли иккитилли ва кўптилли луғатларни ишлаб чиқиш вақти етди.
Президент мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий тараққиётга сезиларли ҳисса қўшган фуқароларга давлат мукофотларини топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

