Минтақаларнинг амалий ҳамкорлиги Қозоғистон-Россия ҳамкорлигини
ривожлантиришга туртки бермоқда. Бу ҳақда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Омскда бўлиб ўтган икки давлатнинг 22-минтақалараро
ҳамкорлик форумида маълум қилди. Бу йилги тадбир логистика экотизимини
шакллантириш масалаларига бағишланди. Қозоғистон ва Россия дунёдаги энг узун ва
узилишсиз қуруқлик чегарасига эга. Бу соҳа
иқтисодий кўрсаткичларнинг умумий ўсишини ҳисобга олган ҳолда ўзаро ҳамкорликни
ошириш учун янги имкониятлар очиши аниқ. Ўтган
йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми салкам 28 миллиард долларга етди. 2026 йилнинг дастлабки беш
ойида эса худди шу даврга нисбатан ўсиш 10 фоизни
ташкил қилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон
Республикаси Президенти:
- Жорий йилнинг биринчи чорагида Россия инвестициялари
оқими 45 фоизга ошди, беш ой ичида жами 773 миллион долларни ташкил этди.
Россия иқтисодиётига киритган сармоямизнинг умумий ҳажми 9 миллиард доллардан
ошди. Иқтисодий кун тартибида саноат соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади.
Мамлакатларимиз жами 52 миллиард доллардан зиёд
сармоя киритилган 177 та йирик лойиҳадан иборат
кенг портфелни шакллантирди. Уларнинг 122 таси рўёбга чиқарилди.
Ўтган йили мамлакатлар ўртасида темир йўл
орқали юк ташиш 3,5 фоизга ошди
ва 92 миллион тоннани ташкил этди. Россия ва
Хитой ўртасида Қозоғистон орқали транзит юк ташиш ҳажми 5 йил ичида 8 марта кенгайди. Автотранспортда юк ташиш шу йилнинг 3 ойида 2 мартадан кўпроққа
ўсди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистонда «Шимол-Жануб» йўлагини ривожлантиришга катта
эътибор қаратилаётгани, ўтган йили ушбу йўналишда юк ташиш ҳажми ошганини
таъкидлади. У «Ғарбий Европа
- Ғарбий Хитой» йўлагини яна бир муҳим йўналиш сифатида кўрсатди. «Ақтўбе-Улғайсин» йўли реконструкция қилиниши йўналишнинг ўтказиш қувватини икки марта
оширади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон
Республикаси Президенти:
- Мавжуд рақамли платформалар асосида энг гавжум
йўналишлардан бирида синов тариқасида «Қозоғистон-Россия» рақамли транспорт
йўлагини ишга тушириш таклиф этилди. Ишончим комилки, икки мамлакат транспорт-логистика
тизимларининг рақамли интеграцияси ва янги технологияларни кенг қўллаш ўзаро
савдо ҳажмини ошириш, транзит оқимини кенгайтиради, иқтисодий
алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш имконини беради.
Қозоғистон Президенти чегараолди ҳудудларда ҳаво қатновини ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб
чиқишни таклиф қилди. Ташаббус Астана ва Россиянинг чегарадош шаҳарлари
ўртасида бевосита рейслар очишни назарда тутади. Давлат раҳбари
"Росатом" бошчилигидаги халқаро консорциум иштирокида олиб борилаётган Қозоғистондаги биринчи АЭС қурилишига алоҳида тўхталди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ушбу лойиҳа
икки томонлама ҳамкорликнинг стратегик даражасини кўрсатади, деди. У, шунингдек, устувор йўналишлар қаторида космик
соҳани ҳам қайд этди.
Бундан ташқари, форум доирасида Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин савдо ва логистика соҳасидаги рақамли
лойиҳалар билан танишди. Президентларга товар айланмасининг шаффофлигини таъминлаш
мақсадида товарларни рақамли тамғалаш тизими, транспорт оқимларини таҳлил қилиш учун Smart
Cargo ва AI Jol платформалари тақдим этилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

