Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Мактубида логистика инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Давлат раҳбарининг фикрича, бу — мамлакатимиз тараққиётининг муҳим омилларидан бири. Жаҳон логистикаси кенг кўламли ўзгаришлар ва жадал ўсиш даврини бошидан кечираётган, денгиз йўлларининг заифлиги эса қуруқликдаги транспорт йўлакларининг стратегик аҳамиятини ошираётган бугунги кунда бу жуда зарур. Қозоғистон ушбу тарихий имкониятдан фойдаланиб, Евроосиёнинг етакчи логистика марказига айланиши керак, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Хитойдан Европага ташилаётган юкнинг қарийб 85 фоизи мамлакатимиз ҳудуди орқали ўтаётган бўлса ҳам, тин олиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди Президент. Қозоғистон халқаро юк ташишнинг тўлақонли ташкилотчиси мақомини эгаллаши лозим. Давлат раҳбари маҳаллий логистика операторларини ривожлантириш, юкларни тўплаш ҳамда тақсимлаш марказлари ташкил этиш, йирик транспорт тугунлари атрофида янги ишлаб чиқариш ва савдо марказлари шакллантириш бўйича топшириқлар берди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ҳозирги кунда барча давлатлар логистика масалалари билан шуғулланмоқда. Ривожланган транспорт логистикаси бўлмаса, ҳозир кучли бўлган мамлакат ҳам эртага инқирозга учрайди. Келгуси йилда мамлакатимизда "Бахти - Аягўз" темир йўл линияси ишга туширилади. Янги йўналиш орқали Хитой билан юк ташиш қуввати 20 миллион тоннага ошади. Август ойида "Арал - Каспий" автомагистрали қурилиши бошланди. Ушбу лойиҳа Транскаспий йўлагини тахминан минг километрга, юкларни етказиб бериш муддатини уч кунгача қисқартиради. Ҳукумат бу соҳада бошланган барча лойиҳаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини қатъий назоратга олади.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

