"Келажак ўйинлари — 2026": энг кучлилар беллашувлари давом этяпти

"Келажак ўйинлари — 2026": энг кучлилар беллашувлари давом этяпти

Астанада "Келажак ўйинлари" халқаро мулmтиспорт мусобақалари давом этмоқда. Ўтган дам олиш кунлари соврин жамғармаси 1 миллион долларни ташкил этган PUBG: BATTLEGROUNDS турнири якунланди. 131 очко тўплаган 17 Gaming чемпион бўлди. Мусобақада дунёнинг 16 та энг кучли жамоаси иштирок этди, ғолиб фақат сўнгги - 15-ўйинда аниқланди. Фижитал-баскетбол бўйича мусобақалар ҳам якунига етмоқда. Бугун - финал мусобақаси. Бир вақтнинг ўзида виртуал ва реал майдонда ўтказиладиган баскетбол турнирининг соврин жамғармаси 400 минг доллар. Жангларни турли мамлакатлардан келган ҳакамлар кузатиб боради. Мусобақага Хорватия, Шимолий Македония, Сербия, Иордания, Хитой, Қирғизистон, Беларус ва Россиядан ҳакамлар таклиф этилди.

Вячеслав Дьянченко, «Келажак ўйинлари – 2026»да фижитал-баскетбол бўйича бош ҳакам:

- Рақамли қисмда ҳакам барча ўйинчилар ўзининг шахсий аккаунтидан фойдаланишини, ўз жойстиклари ва геймпадларида ҳеч қандай фирибгарлик усулларидан, қўшимча қурилмалардан фойдаланмаслигини, бошқаларни чалғитмаслик учун мониторни ўчирмаслигини назорат қилади. Интизом бўйича танбеҳ беради.

Миллий гвардиянинг 1 минг 600 нафардан зиёд хизматчилари минбарларда, спорт объектлари ва делегациялар жойлашган ҳудудларда тартибни назорат қилмоқда. Бутун дунёдан Астанага келган меҳмонлар ва иштирокчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун пойтахт, Кўкшетау, Қарағанди ва Темиртау ҳарбий қисмларидан гвардиячилар жалб қилинди. Ички ишлар вазири ўринбосари - Миллий гвардия Бош қўмондони Ансаған Балтабеков уларнинг меҳнатини эътироф этганча, ёш жангчиларга мукофотлар топширди. Ҳарбий хизматчилар кенг кўламли тадбирларда қатнашиш улар учун муҳим касбий тажриба бўлди.

Есенбек Хайнўлла, 5573-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси:

- Хизмат давомида ҳар куни минглаб одамлар, жумладан, хорижлик меҳмонлар билан мулоқот қиламиз. Уларнинг Қозоғистондан яхши таассуротлар билан қайтишини мақсад қилганмиз. Вазифамиз эса хавфсизликни таъминлаш, фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб қайтариш. Астана шаҳридаги йирик халқаро тадбирлар тинч ва юқори савияда ўтмоқда, демак, биз ўз ишимизни сифатли бажармоқдамиз.


"Келажак ўйинлари"да пилотсиз учиш аппаратлари тест тартибида ишламоқда. Дронларда етказиб беришнинг янги хизмати ғайриоддий технологик янгиликларидан бири. Улар орқали буюртмани саккиз дақиқадан камроқ вақт ичида олиш мумкин. Ассортиментда иссиқ ва совуқ ичимликлар, газаклар, сувенир маҳсулотлари ва турнирнинг фирма товарлари мавжуд. Лойиҳа муаллифлари бундай хизматни rелажакда спорт майдончаларидан ташқарига - Қозоғистон шаҳарларининг кундалик ҳаётига олиб чиқиш ниятида.

Абдумалик Сарманов таржимаси.