Киберхавфсизлик, маълумотларни ҳимоя қилиш билан бир қаторда, давлат ва бизнеснинг рақамли таҳдидларга бардошли эканлигини ҳам англатади. Астанада ўтказилган «KazHackStan-2026» халқаро анжумани шу мавзуга бағишланди. Икки кунда платформага 7 та давлатдан 10 мингга яқин иштирокчи, 100 нафардан зиёд қозоғистонлик ва хорижий маърузачи уланди. Кун тартибида: муҳим инфратузилма ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, дипфейклар, ижтимоий муҳандислик ва сунъий идрок билан боғлиқ хатарлар. Анжуман ташкилотчилардан бири - Қозоғистоннинг «TSARKA» компанияси.
Алексей Калинников, «TSARKA» вакили:
- «KazHackStan» тадбири ташкилотчиси сифатида биз Қозоғистонда ва Марказий Осиёда "Cyber Security" ҳамжамиятининг ўсиш драйвери ҳисобланамиз. Асосий вазифамиз - фуқароларни ўқитиш, кибергигиена даражасини ошириш, мижозлар билан самарали ишлаш, уларга ўз бизнесларига эътибор қаратиш ва хавфсизлик билан боғлиқ вазифаларни ҳал қилишда ёрдам беришдан иборат.
«KazHackStan»да алоҳида блок амалий киберхавфсизликка бағишланган. Мутахассислар янги ҳужумларга қарши кураш усулларини муҳокама қилмоқда. Шунингдек, тадбир дастуридан «CyberKumbez» - хакерлар жамоалари мусобақаси финали, келаси йили Италияда ўтказиладиган Халқаро киберхавфсизлик олимпиадасида иштирок этадиган мактаб ўқувчиларини саралаш ҳам ўрин олган. Айни вақтда, маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ишланмалар тақдим этилди.
Батиржан Шакманов, «Cyberx» компанияси бош директори:
- Ишланмамиз компания ва давлат органларидан маълумотлар сизиб чиқишининг олдини олишга қаратилган. Қозоғистонда киберхавфсизлик саноати, айниқса, сўнгги икки-уч йил ичида жуда тез ривожланяпти. Бу каби анжуманлар киберхавфсизлик тенденциялари, мавжуд ҳужумлар ва улардан ҳимояланиш йўлларини тушунишда яқиндан ёрдам беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

