Қозоғистонда Қурултой сайловлари олдидан биринчи жамоавий
теледебатлар бўлиб ўтди. Jibek Joly телеканали жонли эфирида еттита сиёсий
партия вакиллари учрашди. Ҳар битта партияни иккитадан спикер тақдим этди. Муҳокаманинг асосий мавзуси: Адолатли жамиятнинг асоси сифатида қонун устуворлиги ва «Қонун
ва тартиб» тамойилини амалга ошириш. Теледебатлар тўрт босқичда ўтказилди. Иштирокчилар ўз
ташаббусларини тарғиб қилди, мухолифлар билан очиқ баҳслашди, журналистлар, томошабинлар ва
бир-бирларининг саволларига жавоб берди. Партия вакиллари мандатларни қўлга киритган тақдирда зиммасига оладиган
мажбуриятларини эълон қилдилар. Теледебатлар доирасида чиқишларни баҳолаш учун
онлайн сўровнома ўтказилди. Унда 165 минг нафардан зиёд фуқаро
қатнашди. Сиёсатшунослар бўлиб ўтган мунозара, иштирокчиларнинг
тайёргарлиги ва энг долзарб мавзулар муҳокамасини юқори баҳолади. Экспертларнинг фикрича, бундай формат
партияларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини оширади.
Нурдаулет Затилла, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги
Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти етакчи эксперти:
- Улар фуқароларнинг ишончини қозониш маъносида жуда қизиқарли ўйин кўрсатишди. Рақибни мағлуб
қилиш учун бетараф фуқароларни ўз лагерига тортишга ҳаракат қилди.
Сиёсий партиялар «Қонун ва тартиб» қаерда - шаҳар ёки қишлоқ, вилоят ёки
пойтахт бўлишидан қатъи назар, ҳамма жойда ишлашини исботлашга ҳаракат қилди.
Аксулу
Арзиқулова, PR-мутахассислар клуби вице-президенти:
- Қизиқарли жамоавий формат ажойиб натижа беради. Жуфтлик чиқиш қилганингизда, жамоанинг, партиянинг жипслиги, ягона ғоя ва ягона вазифаси борлиги дарҳол кўринади. Динамик формат жуда яхши чиқди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

