Хориждаги қозоғистонликларнинг 84,4 фоизи Қурултой сайловида овоз берди

Хориждаги қозоғистонликларнинг 84,4 фоизи Қурултой сайловида овоз берди

Хориждаги 79 та сайлов участкаларининг барчаси ишини якунлади. Бугун Астана вақти билан эрталаб соат 8 да Американинг Сан-Франциско шаҳридаги Қозоғистон Бош консуллиги қошидаги сўнгги хорижий сайлов участкаси ёпилди. Аввалроқ Вашингтон ва Ню-Йоркда, шунингдек, Европа давлатларида яшовчи ватандошларимиз овоз берган эди. Эслатамиз, Қозоғистондан ташқарисида, 61 та мамлакатда сайлов участкалари очилганди.


Айман Исқақова, «Бўлашақ» халқаро дастури стипендиати:


– Чет элга кетганман, лекин юртимиздаги муҳим воқеаларни шунчаки ўтказиб юбормасликка интиламан. Мана шундай кунларда ҳар биримиз конституциявий ҳуқуқдан фойдаланишга тайёр бўлишимиз зарур. Мен Сан-Францискодаги сайлов участкасига фуқаролик позициямни намойиш этиш учун келдим.


Зульфия Қурманбекова, Филология фанлари ассоциацияланган профессори:


- Хорижда бўлсам-да, юртимдаги воқеаларга бефарқ эмасман. Бугун мен Қозоғистоннинг Вашингтондаги элчихонасига фуқаролик ҳуқуқимдан фойдаланиш, ўзим танлаган номзодлар учун овоз беришга келдим. Ўз танловини мустақил равишда амалга ошириш Қозоғистоннинг ҳар бир фуқароси зиммасидаги масъулият.


Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Осиё мамлакатларида - Корея Республикаси, Япония, Хитой, Сингапур, Малайзия, Монголия, Индонезия, Таиланд ва Вьетнамдаги қозоғистонликлар биринчи бўлиб овоз беришди. Шундан сўнг ҳамюртларимиз Австрия, Бельгия, Германия, Испания, Италия, Венгрия, Словакия, Франция, Швейцария, Португалиядаги сайлов участкаларига келишди. МСК берган маълумотга кўра, хориждаги сайловчилар рўйхатига 11 минг нафардан зиёд фуқаро киритилган. Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, чет эллардаги юртдошларимиз Қурултой сайловида фаол қатнашди, овоз берганлар улуши 84,4 фоизга етди.


Абдумалик Сарманов таржимаси