Қозоғистон тарихи бўйича нашрга тайёрланаётган кўп жилдли академик нашрда илк бор Олтин Ўрда даврига алоҳида том бағишланади. Бу ҳақда Қозоғистон вице-президенти ижтимоий тармоқда маълум қилди. Ерлан Қарин, шунингдек, қозоқ тилида нашр этилган "Олтин Ўрда" китоби муаллифи Мари Фаверо билан учрашув ҳақида гапирди. Нашр тақдимоти Астанада бўлиб ўтди. Бу китоб - 20 йиллик меҳнат маҳсули. Тарихчи Сорбонна, Лейден ва Оксфорд университетларида, шунингдек, Қоҳирадаги Франция Шарқ археологияси институтида тадқиқотлар олиб борган. Мари Фаверо турли тиллардаги манбаларни ўрганган. Натижада «Олтин Ўрда. Дашт империяси дунёни қандай ўзгартирди» асари дунёга келди. Олдинроқ инглиз ва француз тилларида нашр этилган. Китоб таниқли ношир Раиса Қодир ташаббуси билан қозоқ тилида нашр этилди.
Мари Фаверо, тарихчи, китоб муаллифи:
- Қозоқча таржима жуда муҳим, чунки китоб Қозоғистон тарихига бағишланган. Биз Олтин Ўрда деб атайдиган Жўжи Улуси билан Қозоғистон ўртасида қизиқарли боғланиш мавжуд. Бу – дашт тамаддуни эди ва, албатта, гап кўчманчилар ҳақида кетмоқда. Аммо у шаҳарларга очиқ бўлган тамаддун бўлган. Чунки Олтин Ўрдада шаҳарлар бор эди, бугунги кунда улардан анчаси Қозоғистон ҳудудида сақланиб қолган. У жуда ривожланган, кўп маданиятли ва кўп конфессияли жамият бўлган.
Раиса Қадир, «Steppe and world» нашриёти асосчиси:
– Муаллиф таъкидлашича, тадқиқот турли манбаларга асосланган. Ҳудудлар ўртасидаги савдо алоқалари муҳим роль ўйнаган. Айнан савдо, хусусан, Буюк Ипак йўли орқали ўзаро боғланган давлатларда сақланиб қолган кўплаб ҳужжатлар давримизгача етиб келган. Яна бир муҳим манба - дипломатик ёзишмалар. Олтин Ўрда даври дипломатия тарихида муҳим босқич эди. Жўжи улуси хонлари Европа ва Италияга мунтазам равишда катта-катта мактублар юборган. Ҳужжатлардан аксарияти бизгача етиб келган.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

