Будапештда Қозоғистон киноси кунлари бўлиб ўтди. Уч кун давомида Венгрия пойтахти Миллий кинотеатрида «Амре», «Қайтадан» ва «Она сари йўл» фильмлари намойиш этилди. Ҳар бир картина Қозоғистон тарихининг турли саҳифаларини, маданияти, халқ маънавий қадриятларини очиб беради. Биринчиси - Европада тан олинган қозоқ қўшиқчиси Амре Қашаубаевнинг ҳаёти ҳамда ижодий йўли ҳақида ҳикоя қилади. Иккинчиси - шахсий танлов ва масъулият мавзуларини қамраб олади. Учинчиси эса мураккаб тарихий воқеалар фонида она меҳри билан оилавий қадриятларнинг кучини кўрсатади. Фильм намойишларига Венгрия сиёсатчилари, маданият арбоблари, дипломатлар, қозоқ диаспораси вакиллари ҳамда талабалар ташриф буюрди. Тадбир Қозоғистон кинематографияси билан таништириш, маданий алоқаларни мустаҳкамлашга, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. У Қозоғистоннинг Венгриядаги элчихонаси томонидан Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда "Қазақфилм" киностудияси кўмагида ташкил этилди.
Сара Жиневра Менегети, Италиянинг Венгриядаги элчихонаси консули:
- Мен Қозоғистонда уч йилга яқин яшадим, бу кеча ўша давр, маҳаллий маданият ва ҳатто қозоғистонликларнинг ҳазил туйғуси ҳақида кўплаб хотираларни уйғотди. Қозоғистон элчиси Анель Бақитбекқизининг маданий дипломатия халқларга бир-бирини яхшироқ билишга, маданиятнинг янги қирраларини кашф этишга ёрдам беради, деган фикрига тўлиқ қўшиламан.
Тимеа Янурик, халқ мусиқаси ўқитувчиси, PhD докторанти:
– Қозоғистон фильми намойишига келдим. У менда, айниқса, мусиқачи сифатида, катта таассурот қолдирди. Охирида эса бизни бош роль ижрочиси билан боғлиқ сюрприз кутган экан. Фильм менга жуда ёқди, у юқори даражада суратга олинган. Бундан ташқари, қозоғистонликлар билан суҳбатлаша олдим, бу эса оқшом янада ёқимли бўлишига ўз ҳисса қўшди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

