Брюсселда Берлин Евросиё клубининг 47-йиғилиши ўтди

Брюсселда Берлин Евросиё клубининг 47-йиғилиши ўтди

Қозоғистон Европа-Осиё ўртасидаги йўналишларда ўз ўрнини мустаҳкамламоқда. Мамлакатнинг жуғрофий жойлашуви уни халқаро  логистикада муҳим бўғинга айлантиради. Брюсселдаги Берлин Евроосиё клубининг 47-мажлисида юртимиз, шунингдек, Евроиттифоқ ва Германия вакиллари қўшма лойиҳаларни, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш масалаларини кўриб чиқди. Асосий эътибор Ўрта йўлакка қаратилди. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг яқиндагина Германияга қилинган ташрифи давомида эришилган келишувлар амалий натижаларга айланди. Томонлар 8 миллиард доллар қийматидаги 40 та шартнома имзолади.

Михаэль Хармс, Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ижрочи директори:

 – Бу аниқ амалга оширилиш босқичига ўтганидан жуда мамнунмиз. Немис сармояси бор, немис фирмаларида бу транспорт йўналишидан фойдаланишга қизиқиш катта. Асосийси — бу нафақат Хитой-Евроиттифоқ орасидаги йўналиш, балки ЕИ учун аҳамияти ортиб бораётган минтақалараро логистик кўприк ҳамдир.

Евроиттифоқ йўналишни ривожлантириш учун 12 миллиард евро маблағ ажратган. Аммо бизнес учун фақат инвестициялар эмас, балки етказиб бериш муддатлари ҳам муҳим. Мақсад – Осиёдан Европагача борадиган юк ҳаракати тез ва режадагидек бўлишини таъминлаш.

Дамир Қўжахметов, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари:

 – Ҳозирги вақтда етказиб бериш муддати - 13 кундан 17 кунгача. Биз, албатта, келгусида сервисни янада яхшилашга, бу муддатни 10-12 кунга етказишга интиламиз. Транскаспий Халқаро транспорт йўналиши бўйича мажбуриятларни бажарамиз, Алтинкўлдан Ақтаугача, Ақтаудан Бокугача етказиб бериш муддатлари бор, бунга амал қилинади.

Ўрта йўлак фақатгина транспорт йўналиши бўлиб қолмайди, бу янги сармоялар киритиш, қўшма корхоналар барпо этиш учун майдонча ҳамдир. Келгусида порт инфратузилмасини такомиллаштириш, терминаллар ва логистика марказлари қуриш режа қилинган. Бундай лойиҳалар Европа компаниялари Қозоғистон бозорига кириши учун бошланғич нуқтага айланиши мумкин.

Мирко Новак, Федерал логистика ассоциациясининг Евросиё бўлими директори:

 – Қозоғистон бу лойиҳада асосий роль ўйнайди. Лекин бизни Ўрта йўлак доирасидаги лойиҳаларгина эмас, бевосита инвестиция киритиш ҳам қизиқтиради. Ишни Констанце, Поти ва Бокудаги объектлар таҳлилидан бошладик, ҳозир Ақтау ва Қуриққа ўтдик. Биз янги терминаллар ва контейнер хаблари барпо этилишидан манфаатдормиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси