Бугун Бокуда Осиёда Ҳамкорлик ва Ишонч чоралари бўйича кенгашнинг 7-саммити бўлиб ўтади. Ташкилотга аъзо 28 давлат вакиллари минтақавий хавфсизлик, транспорт йўналишлари ва рақамли ҳамкорликни муҳокама қилади. Қозоғистон учун ушбу майдонча алоҳида аҳамиятга эга: ўттиз йил илгари мамлакатимиз уни яратиш ташаббуси билан чиққан. 2022 йилда ушбу тузилмани консенсус асосида тўлақонли минтақавий халқаро ташкилотга айлантириш тўғрисидаги Астана баёноти қабул қилинган. Эндиликда унинг Устав лойиҳаси тайёрланмоқда. Мамлакатлар амалий ҳамкорликни ҳам кучайтиряпти. Йўналишлардан бири – ташувларни рақамлаштириш. Қозоғистон ва Озарбайжон умумий транспорт йўналишларини кенгайтиради ҳамда халқаро ташувлар самарадорлигини ошириш устида иш олиб бормоқда. Юк оқимини жадаллаштириш учун маълумотларнинг электрон алмашинувини йўлга қўйиш даркор.
Рауф Ағамирзаев, транспорт-логистика соҳаси эксперти (Озарбайжон):
– Ҳар бир давлат ўз ҳудудини рақамлаштириш бўйича ишлайди. Ягона экотизим юзага келиши учун бу жараёнларни бирлаштириш керак. Кўриб турганимиздек, Миддл-йўлак бўйича вақти-вақти билан Астанада, Бокуда, Тбилиси ва Анқарада учрашувлар бўляпти. Ўйлайманки, яқин йилларда бу йўналишда реал натижаларни кўрамиз.
Ушбу ташкилот ҳамкорлик йўналишларидан бири – энергетик хавфсизлик. Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон яхшил энергия йўлаги лойиҳасини ишлаб чиқади. Лойиҳа Каспий денгизи туби бўйлаб сувости кабеллари кўмагида уч давлат энергия тизимини бирлаштиришни кўзда тутади. Бу мамлакатлараро электр энергиясини узатиш имкониятларини кенгайтириш имконини беради.
Илҳом Шабан, нефть тадқиқотлари маркази раҳбари (Озарбайжон):
– Электр энергияси етказиб берамиз, ҳатто Қора денгиз тубидан Европага ҳам узата оламиз, дейлик, Грузия, Туркия орқали ҳам етказиш мумкин. Қозоғистонда яхши истиқболлар мавжуд, чунки бу давлат тўрт-беш йилдан сўнг йирик жаҳон бозорлари учун яшил энергияни экспорт, шунингдек, транзит қилувчига айланади.
Рақамли ҳамкорлик ҳам эътибор марказида турибди. Ташкилотнинг кейинги фаолият йўналишлари Боку декларациясида ўз аксини топади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

