Қозоғистон Миллий музейида Республика куни ва мамлакат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган кўргазма очилди. У Қозоғистон тараққиётига ҳисса қўшган атоқли ватандошларимиз - олимлар ҳамда санъаткорлар ҳақида ҳикоя қилади. «Мустақиллик шоҳсупасидаги шахслар: фан ва маданият арбоблари» экспозициясида уларнинг буюмлари, асарлари, мукофотлари, фотосуратлари ҳамда архив материаллари тақдим этилди. Кўргазма ёш авлодни қозоғистонлик истеъдод эгаларининг мероси билан таништиришга қаратилган. Улар орасида Асанали Ашимов, Бўлат Аюханов, Кенес Сағадиев, Кемел Акишев, Роза Римбаева, Кунсулу Закария бор. Биология фанлари доктори учун тадқиқотларга қизиқиш болаликдан намоён бўлган. Унинг онаси ярим асрдан ортиқ вақт давомида кимё фанидан дарс берган. Қизида табиий фанларга ҳавас уйғотган. Кейинчалик иштиёқ касбга айланди. Коронавирус пандемияси даврида Кунсулу Закария QazVac вакцинаси ишлаб чиқишга раҳбарлик қилди. Лойиҳа мамлакатимиз фанининг муҳим ютуғи бўлди, мутахассисларнинг хавфли инфекцияларга қарши курашиш имкониятларини намойиш этди.
Кунсулу Закария, биология фанлари доктори, профессор, фан ва техника соҳасидаги ал-Форобий номли давлат мукофоти совриндори:
- Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Кемелевич Тўқаевнинг улкан ёрдами туфайли Қозоғистон Республикасининг биологик хавфсизлиги тўғрисида қонун қабул қилинди. Унинг доирасида «Казбиофарм» миллий холдинги ташкил этилди. «Казбиофарм» миллий холдинги таркибига кирувчи институтлар ветеринария ва соғлиқни сақлаш соҳасида элликдан ортиқ турли хил вакциналар ишлаб чиқди. Қатор вакциналар экспортга чиқарилади, қўшни давлатларда ишлатилади. биз Қозоғистонда ҳам, хорижий мамлакатларда ҳам илм-фан ютуқларини намойиш этамиз.
Ўзбекали Жонибеков Қозоғистон тарихида алоҳида ўрин тутади. У ўз ҳаётини миллий маданият ҳамда анъаналарни ўрганишга бағишлади. Олимнинг ташаббуси билан 1988 йилда республикада Наврўз байрами қайта тикланди. У тарихий обидалар, шу жумладан, Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси билан қадимий Ўтрорни таъмирлаш масаласини кўтарган. Унутилган номлар ва асарларни қайтаришга, хусусан, «Алаш» ҳаракати арбобларига алоҳида эътибор қаратган. Ўзбекали Жонибеков иштирокида музейлар очилди, фольклор-этнографик жамоалар тузилди, қозоқ халқининг анъанавий ҳунармандчилиги ўрганилди.
Бауржан Жанибеков, Ўзбекали Жонибековнинг ўғли:
- Туркистон вилоятининг Ўтрор туманида, кўҳна Ўтрор яқинида туғилди, у ерда доимо қазиш ишлари олиб бориларди. Ва бу нарса ўз изини қолдирди. Ушбу замин ал-Форобийнинг, машҳур бастакорларимиз, хонандаларимиз, санъаткорларимиз, Мухтар Шаханов, Шамши Қалдаёқовнинг ватани. Ҳар куни, ҳар оқшом реставраторлар, рассомлар, тарихчилар ёнига келарди. Уларнинг барчаси билан суҳбатлашарди, маслаҳатлашарди. Уйимизда ўтирганча ҳар хил нарсалар ёзишарди, чизишарди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

