Астанада Қозоғистон-Уммон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Астанада Қозоғистон-Уммон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Уммон Султони Ҳайсам бин Ториқ ал-Саиднинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида Астана шаҳрида икки мамлакат тадбиркор доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Сўзга чиққан Қозоғистон Президенти савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада ривожлантириш учун ҳуқуқий ва институционал базани мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимнинг аҳамиятини кўрсатиб ўтди. У инвесторларга прогноз қилиш имконини берувчи, шаффоф ва ишончли шароитлар яратишга қаратилган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Биз «Самруқ-Қазина» АЖ ва Уммон инвестиция бошқармаси ўртасида қўшма инвестиция тузилмасини ишга тушириш тўғрисидаги битим имзоланганини олқишлаймиз. Ушбу муҳим ташаббус аниқ лойиҳаларни молиялаштириш учун капитал сафарбар қилиш имконини яратади. Яқинда ташкил этилган Уммон халқаро молия маркази билан ҳамкорлик салоҳияти катта деймиз.

Давлат раҳбари иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги муваффақиятли тажрибани қайд этди. Энергетика, логистика билан бир қаторда тоғ-кон саноатидаги ҳамкорлик ижобий натижалар бермоқда. Ушбу соҳаларда икки мамлакат имкониятларини бирлаштириш янги қўшма корхоналар ташкил этиш имконини беради. Президент транспорт-логистика соҳасида ҳам ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Биз Уммоннинг стратегик географик жойлашуви, ривожланган порт инфратузилмаси ҳамда Яқин Шарқ ва Африка бозорларига чиқиш имкониятларини инобатга олган ҳолда, уни муҳим транзит-логистика ҳамкори сифатида кўрамиз. Ўз навбатида, Қозоғистоннинг катта табиий захиралари, ривожланган саноат базаси бор. Осиё билан Европани боғлайдиган транспорт йўналишларида стратегик ўрин эгаллайди. Транспорт боғланишини такомиллаштириш бўйича аниқ режаларга эга.

Бундан ташқари, Қосим-Жўмарт Тўқаев қишлоқ хўжалиги билан бирга озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга чақирди. Нутқининг якунида Президент асосий вазифа сиёсий даражада эришилган келишувларни аниқ мазмун билан бойитиш, иқтисодий алоқаларни Қозоғистон-Уммон ҳамкорлигининг асосий устунларидан бирига айлантиришдан иборатлигини таъкидлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси