«Astana ESG» форумида экология ва энергетикани барқарор ривожлантириш бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди. Давлат органлари, халқаро ташкилотлар ҳамда бизнес вакиллари яшил инвестицияларни жалб қилиш, энергетикани модернизациялаш, корхоналарнинг экологик масъулиятини муҳокама қилди. Яшил иқтисодиётга ўтишда фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қозоғистонлик мутахассислар бу соҳада тадқиқотлар олиб бормоқда.
Гулмира Насирова, Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича Республика илмий-тадқиқот институти бўлим раҳбари
- Бу йил биз иккита жиддий мавзуни якунладик. Улардан бири яшил иқтисодиётга ўтишда меҳнат шароитларини баҳолаш билан боғлиқ, қатор корхоналарда экологик касбий хавфларни баҳолаш ўтказилди, иккинчи тадқиқот ижтимоий кафолатлар билан боғлиқ.
Форумда Президент Мактубида белгиланган устувор йўналишларни ҳисобга олган ҳолда Қозоғистоннинг ESG кун тартибини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Асосий йўналишлар қаторига инфратузилмани модернизациялаш, тикланувчи энергия манбаларини такомиллаштириш ва хорижий сармоялар жалб қилиш киради. Ушбу чора-тадбирлар энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда барқарор иқтисодий ўсиш учун шароит яратишга қаратилган. Форум якунлари бўйича Ҳукумат билан бизнес учун тавсиялар тўплами тайёрланади. Улар келгуси фаолият учун асос бўлади.
Айнур Соспанова, “Qazaq Green” ТЭМ ҳамжамияти бошқаруви раиси:
- 2029 йилгача энергия тақчиллигини бартараф этиш зарур. Қозоғистонда бунинг учун ҳамма имконият мавжуд. Бизда электр энергетикаси соҳасида йирик лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси, Қозоғистонга келган ва фаол ишлаётган йирик инвесторларнинг қизиқиши бор. 2027 йилда муқобил энергетика тўғрисидаги қонунчилик устида ишлаймиз. Бу иш Қурултой ишчи гуруҳи доирасида бошланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

