Астанада ICAO Security Week 2026 ҳафталиги бўлиб ўтмоқда

Астанада ICAO Security Week 2026 ҳафталиги бўлиб ўтмоқда

Қозоғистон авиация хавфсизлиги даражаси энг юқори бўлган 20 давлат қаторига киради. ICAO аудити натижаларига кўра, халқаро стандартларга мувофиқлик кўрсаткичи 95,7 фоиз. Бу ўртача жаҳон даражасидан анча юқори, Марказий Осиёдаги энг яхши натижалардан бири. Астанада илк бор ўтказилаётган ICAO авиация хавфсизлиги ҳафталигида мамлакат ютуқлари халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Форумга 62 давлатдан минг нафардан зиёд соҳа вакиллари келди. Ташкилот Бош котиби Хуан Карлос Саласар Қозоғистонга илк бор ташриф буюрди. Унинг сўзларига кўра, парвоз хавфсизлигининг юқори даражаси мамлакатнинг халқаро транспорт маркази сифатида мавқеини мустаҳкамлашига хизмат қилади.

Хуан Карлос Салазар, ICAO Бош котиби:

- Айтиш мумкинки, стандартларга бундай юқори даражада риоя қилиш Қозоғистонни Евроосиё минтақасининг йирик юк ҳамда йўловчи ташувчи транспорт маркази сифатида ривожлантириш учун жуда яхши имконият яратади. Биз бу ишни давом эттиришга чақирамиз. Вазир, вазир ўринбосари ва Фуқаро авиацияси қўмитаси раиси билан шу масалани муҳокама қилдим. ICAO Қозоғистон билан юқори стандартлар бўйича ҳамкорликни давом эттиради.

Айни пайтда Қозоғистон АҚШга бевосита авиақатновларни йўлга қўйишга тайёрланяпти. Транспорт вазирлиги берган маълумотга кўра, америкалик мутахассислар Қозоғистон фуқаро авиацияси тизимини аудитдан ўтказиб, унга юқори баҳо беришди. Расмий натижалар ноябрь ойида эълон қилиниши кутилмоқда. Вазирлик Америка авиация маъмурияти талабларига мувофиқликни таъминлаш ниятида. Бу эса 2027 йилда мамлакатлар ўртасида бевосита авиақатновлар бошлаш учун муҳим қадам бўлади.

Талғат Ластаев, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари:

- Декабрь ойида «Dreamliner» келиши кутилмоқда. Яъни, бундай рейсларни амалга ошира оладиган самолёт. Доимий парвозлар бошлаш учун маълум бир учиш соатлари, экипажлар, техниклар иш тажрибаси бўлиши керак. Ўйлайманки, келгуси йилда, барча шартлар бажарилганда, бевосита рейс очилишини кутмоқдамиз. АҚШда Нью-Йоркка бориш кўриб чиқилмоқда. Қозоғистонда Астана устувор аҳамиятга эга.

Халқаро форумнинг асосий мавзуси — келажакда авиация хавфсизлигини таъминлаш. Мутахассислар сунъий идрок, рақамли ҳимоя тизимларини ривожлантириш ҳамда кибертаҳдидларга қарши курашни муҳокама қилмоқда. Янги технологиялар ва ҳаво инфратузилмаси хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Муҳокама якунлари Монреалдаги ICAO юқори даражадаги анжуманида тақдим этилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси