Астанада халқаро транспорт-логистика кўргазмаси бўлиб ўтди

Астанада халқаро транспорт-логистика кўргазмаси бўлиб ўтди

Қозоғистон Ақтау портининг ўтказув қувватини оширади. Унинг қуввати йилига 240 минг контейнерга етиши мумкин. Ҳозирда бу кўрсаткич 180 мингни ташкил қилади. Бунинг учун порт инфратузилмаси модернизация қилинмоқда, янги контейнер хаблари барпо этиляпти ва янги терминаллар қурилиши лойиҳалари кўриб чиқилмоқда. Каспий бўйлаб юк ташуви учун 8 та кемага буюртма берилган. Улардан тўрттаси Бокуда, қолганлари Хитойда қурилади. Бу ҳақда Транспорт вазири ўринбосари Жанибек Тайжанов Астанада бўлиб ўтган халқаро кўргазма чоғида маълум қилди. Иштирокчилар эътибори Марказий Осиёнинг логистика салоҳиятини ривожлантириш ҳамда Ўрта йўлак ўтказув қувватини оширишга қаратилган. Таъкидлаймиз, жорий йилда кўргазма дунёнинг 20 давлатидан 230 компанияни бир ерда жамлади, уларнинг ярмидан кўпроғи - хориждан. Қатнашчилар замонавий технологияларни, транспорт-логистика соҳасидаги ечимларни  намойиш этди.

Жанибек Тайжанов, Қозоғистон Транспорт вазири ўринбосари:

– Қозоғистонда транспорт-логистика етказмалари фаол равнақ топаётир. Ўтган йил якунлари бўйича транзит ташувлар ҳажми тахминан 39 миллионни кўрсатган. 2030 йилга қадар бу кўрсаткични 67 миллион тоннага етказишни режа қилганмиз. Бугунги кунда темир йўллар барпо этиляпти. Сўнгги беш йил ичида тахминан 5 минг километр янги темир йўл қурилди. Яқин уч йилда яна 2,5 минг километрга яқин янги йўллар ётқизилиши кўзланган.

Мирзиёд Мирҳамидов, «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ бошқаруви раиси:

 – Ўрта ҳисобда, Ўзбекистондан юбориладиган юк ҳажми мавсумига қараб ойига 10-20 контейнер поездига тенг. Бу экспорт маҳсулотлари. Хитойдан Ўзбекистонга ойига 30 та поезд қабул қилинади, бу контейнер поездлари сони ортиб боради. Шунингдек, Ўзбекистондан Қозоғистонга ёки аксинча йўналишда жўнатиладиган вагонлар миқдори ҳам ортяпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси