Қозоғистон орқали темир йўл транзити беш йил ичида 65 фоизга ошди. Келгуси йилларда яна 5 минг километр йўл қуриш режалаштирилган. Темирйўл тармоғи кенгайиши инфратузилмани модернизация қилиш ва машинасозликни ривожлантириш билан бирга кечади. Астанада магистрал линиялар учун замонавий электровозлар ишлаб чиқарилмоқда. Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу завод Франциянинг «Alstom» компанияси бошқарувида 2012 йилдан буён фаолият юритади. Ўтган вақт давомида Қозоғистон, Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари учун 450 тадан зиёд юк ва йўловчи ташишга мўлжалланган электровозлар ишлаб чиқарилди. Завод фаолиятини янада кенгайтирмоқда. Астанада техник хизмат кўрсатиш ва капитал таъмирлаш маркази қуриляпти. У 2027 йилда ишга туширилади.
Жером Бойэ, «Alstom» компаниясининг Ғарбий ва Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори:
- Биз ҚТЖ ва бошқа мижозларимиз узлуксиз ишлай олиши учун шароит яратиш, хавфсизликни таъминлаш мақсадида сунъий идрокка асосланган, турли вазиятларни прогноз қилиш, носозликлар ва муаммоларнинг олдини олиш ишларини автоматлаштириш ниятидамиз. Айнан шу йўналиш Қозоғистонда ривожланмоқда.
Эслатамиз, жорий йилнинг биринчи ярмида Астанада саноат экспорти ҳажми учдан бир қисмга ўсди ва 2 миллиард доллардан ошди. Бунга махсус иқтисодий зоналар ва саноат парклари фаолияти натижасида эришилди. Улардан бирида 103 та лойиҳа амалга оширилди, яна 42 та янги лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Мазкур ташаббусларга қарийб 74 миллиард тенге сармоя киритилди. Йирик бизнес томонидан бундай тартибда ишлашга талаб ортиб бормоқда. Демак, Астанада янги саноат зоналари очилади. Уларда инвесторлар учун махсус қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари кўзда тутилади.
Собит Мухамеджанули, «Астана Инвест» маркази бошқаруви раиси ўринбосари:
- Рағбатлантириш чора-тадбирлари «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ амалга оширилади. Бундан ташқари, ер участкалари давлат, хусусан, ҳокимлик томонидан тақдим этилади. Иккинчи саноат парки, шунингдек, логистика парки ва агросаноат зонасини ривожлантириш ҳисобига Астананинг саноат салоҳиятини янада ошириш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар келгуси икки-уч йилда рўёбга чиқарилиши мўлжалланган.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

