Келгуси уч йил ичида Қозоғистон
иқтисодиёти йилига ўртача 5 фоиздан кўпроққа ўсади. Ҳукумат 2027-2029 йилларга
мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнози лойиҳасини тақдим этди. Иқтисодиёт
ҳажми 2027 йилдаги қарийб 200 триллион тенгедан 2029 йилда 245 триллион тенгега
қадар ошиши керак. Ўсини асосан нефтга боғлиқ бўлмаган тармоқлар таъминлайди. Қайта
ишлаш саноати йилига ўртача 6 фоизгача ўсади. Металлургия, машинасозлик, кимё
ва озиқ-овқат саноати, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа
соҳаларда ижобий динамика кутилмоқда.
Серик Жуманғарин, Қозоғистон
Республикаси Бош вазири ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири:
- Қишлоқ хўжалиги
иқтисодий ўсиш драйверларидан бири, унда ўртача йиллик ўсиш камида 5 фоизни
ташкил этади. Қурилишда ўсиш суръати 2027 йилдаги 16 фоиздан 2029 йилда 17,3
фоизгача ошиши прогноз қилинмоқда. Бунга транспорт-логистика, энергетика ва сув
инфратузилмасини янада ривожлантириш, шунингдек, уй-жой-коммуникация ва
ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни тизимли амалга
ошириш ёрдам беради.
2027 йилга бориб Республика бюджети йилига 30,2 триллион тенгени ташкил қилади
Ҳукумат,
шунингдек, келгуси уч йилга мўлжалланган республика бюджети харажатларини ҳам
белгилаб берди. 2027 йилда у 30 триллион тенгедан ошади. 2026 йилдагидан 2,5 триллион тенгега кўпаяди. Ижтимоий соҳага
энг
кўп, барча харажатларнинг қарийб 35 фоизи
йўналтирилади. Иқтисоднинг реал секторини
ривожлантиришга 3,8 триллион тенге ажратилган.
Бу маблағ йирик инфратузилма лойиҳаларини давом эттиришга сарфланади.
Мади Такиев, Қозоғистон Республикаси
Молия вазири:
- Бюджетни шакллантиришнинг муҳим хусусияти — нафақат харажатлар ўсишини таъминлаш, балки захиралар биринчи навбатда давлат мажбуриятларини бажаришга, иқтисодиётни, минтақаларни ва инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилган ҳолда бюджет маблағларининг ҳар бир тенгеси келтирадиган даромадни оширишдан иборат. Маъмурий давлат органлари харажатларини шакллантиришда самарадорлик ва натижа, маъмурий харажатларнинг асоссиз равишда кенгайишига йўл қўймаслик ҳамда республика бюджетининг мутаносиблигини сақлаш тамойилларига амал қилинди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

