Вице-президент Ерлан Қарин ички сиёсатнинг асосий йўналишларини белгилади. У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида давлат раҳбари ислоҳотларининг стратегик йўналиши конституциявий қадриятларга асосланишини таъкидлади. Қонун устуворлиги, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик, таълим ва илм-фанни ривожлантириш, атроф-муҳитга масъулият билан муносабатда бўлиш эътибор марказига қўйилади. Асосий қонунни янада фаол тушунтириш, ушбу қадриятларни тарғиб қилиш жуда муҳим. Иккинчи йўналиш - янги ижтимоий ахлоқ. Унинг марказида хулқ-атвор маданияти ва ижодий ёндашув ётади. Бунга «Қонун ва тартиб», «Tозa Қозоғистон» ҳамда «Ҳалол фуқаро» тамойиллари асос бўлади. Янги иш форматлари кўзда тутилган. Президентнинг «Tозa Қозоғистон» ташаббусини кенгайтириш ягона рақамли платформа яратиш орқали амалга оширилади. Миллий тозалик стандарти ва ҳудудлар рейтингини жорий этиш таклиф этилмоқда. Учинчи устувор йўналиш - инсон капиталини ривожлантириш. Унинг асосий вазифаси таълим, илм-фан, инновация ва технологиялар орқали ўсиш учун шароит яратишдан иборат. «Қозоғистон болалари», «Китобхон миллат» ва «Digital Qazaqstan» лойиҳалари амалга оширилади.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

