Қозоғистонда тарихдаги биринчи Қурултой сайловлари
олдидан партияларнинг якуний теледебатлари бўлиб ўтди. Етти сиёсий бирлашма – «Respublika»,
«Baytaq», «Ақ жол», «Адолат», «Аул» партиялари, Умуммиллий социал-демократик партия,
Қозоғистон Халқ партияси раислари маҳаллий телеканаллардан бирида ўз
позицияларини тақдим этди. Муҳокамаларнинг асосий мавзуси: «Иқтисодиётнинг
ўсиши фуқаролар фаровонлигига қандай таъсир кўрсатиши керак?» Эслатамиз,
бунгача сиёсий бирлашмалар уч марта сайловолди дебатларда, шу жумладан,
каналимизнинг жонли эфирида иштирок этганди. «Jibek Joly»да улар бошқаларидан
фарқли - жамоавий форматда мунозара қилди. Бу сафар муҳокама тўрт раунддан
иборат бўлди. Қарама-қарши томонларнинг савол бериш имконияти баҳсни янада
жонлантирди. Сайловчилар ҳам сиёсатчиларга мурожаат қилишлари мумкин эди.
Мунозаралар охирида партия етакчилари якуний мурожаатларини баён этди.
Сиёсатшунос Арман Тўқтушақов бундай учрашувлар сайловолди дастурларни яхшироқ тушуниб
олишга ёрдам беришини таъкидлади. Очиқ мунозара сиёсий кучларни таққослаш ва
танлаш имконини беради.
Арман Тўктушақов, сиёсатшунос:
- Партиялар теледебатлар, жонли жараён орқали
сайловолди дастурнинг асосий ғояларини янада аниқ, теран етказиши мумкин. Спикерларга
берилган саволлар, кўтарилган муаммолар, журналистлар мурожаати орқали
сайловолди ваъдаларининг рўёбга чиқарилиш механизмлари очиб берилиши мумкин.
Иккинчи масала, айнан шу нотиқлар учун очиқ ва мунозаралар орқали сиёсатчи
сифатида ўзини кўрсатиш учун ажойиб имконият очилди. Яна бир жиҳат: эҳтимол, бу
ўз мафкурасига содиқлигини кўрсатиш йўли бўла олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

