Қурултой қозоғистонликларни Мактубни рўёбга чиқаришда кучларни бирлаштиришга чорлади

Қурултой қозоғистонликларни Мактубни рўёбга чиқаришда кучларни бирлаштиришга чорлади

Президентнинг янги Конституция қабул қилинганидан кейинги илк Мактуби мамлакат тарихида янги сифат босқичига йўл очади, келгуси ўн йилликлардаги тараққиётни белгилаб беради. Қурултой йиғилишида депутат Айдўс Сарим таъкидлашича, Қозоғистон сўнгги етти йил ичида замонавий дунёда вазият мураккаб ва беқарорлигига қарамай, туб ислоҳотларни дадил амалга оширди. Унинг фикрича, Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг стратегик узоқни кўра билиши мамлакатимизни халқаро майдонда нуфузли ўрта куч ҳамда глобал мулоқотнинг тан олинган маркази даражасига кўтарди. Депутат, шунингдек, Давлат раҳбари 2027 йилни «Умумхалқ кенг кўламли қурилиш йили» деб эълон қилганини эслатди. Айдўс Сарим нутқини якунларкан, Мактубда мамлакатнинг қудратли иқтисодий салоҳиятини инфратузилмани тубдан янгилаш, ижтимоий соҳани  ривожлантириш, шунингдек, аҳоли турмуш даражасини оширишга йўналтириш вазифалари қўйилганини таъкидлади.

Айдўс Сарим, Қозоғистон Республикаси Қурултойи депутати:

- Давлат раҳбари таъкидлаганидек: «Бу масъулиятли паллада миллатнинг характери яққол намоён бўлади». Шубҳасиз, лоқайдлик ва бепарволик кўрсатган мамлакат ғолиб миллат бўлмайди. Ғолиб, бунёдкор миллатнинг кучи фаровонлик ҳамда бирликда. Ушбу тарихий жараёнда ҳар бир фуқарони, бутун жамиятни келажак ва давлат равнақи учун бирлашишга, эзгу ишларда биргаликда иштирок этишга чақирамиз.

Айбек Дадебай, Қозоғистон Республикаси Қурултойи раиси:

- Президент Мактуби юртдошларимизнинг эътирофига сазовор бўлди. Давлат раҳбарининг янги суръат бағишловчи ташаббуслари барча минтақаларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Айдўс Амируллаули таклиф қилган мурожаат Қурултойдаги барча фракциялар депутатлари позициясини ифодалайди. Барчангизни Президент йўлини қўллаб-қувватлашга, модернизацияга қаратилган ишларда иштирок этишга чақирамиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси