Сўнгги етти йилда Қозоғистонга 155 миллиард доллардан зиёд бевосита хорижий инвестициялар жалб қилинди. Маблағнинг асосий қисми саноат, инфратузилма ва иқтисодиётнинг нохомашё секторига йўналтирилган. 2019 йилдан буён мамлакатда 625 та янги корхона ишга туширилди. Машинасозлик, агросаноат мажмуаси, қурилиш ва транспорт асосий йўналишлардан бирига айланмоқда. Британиянинг «The World Financial Review» нашри Қозоғистон иқтисодиёти ҳақидаги мақоласида шундай таҳлилий маълумотлар келтирди. Муаллифлар ўзгаришларни Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг иқтисодиётни диверсификация қилиш ҳамда хомашё секторига қарамликни камайтириш йўли билан боғлайди. Нашр таҳлилчилари мамлакатнинг рақамлаштириш соҳасидаги ютуқларига алоҳида эътибор қаратди. Қозоғистонда давлат хизматларининг 90 фоизидан кўпроғи онлайн тарзда тақдим этилмоқда. Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти берган маълумотга кўра, электрон давлат хизматларини ривожлантириш бўйича у дунёнинг етакчи ўнта давлати қаторига киради. Мақола муаллифлари таъкидлашича, ушбу ютуқлар инвестициявий жозибадорликни оширади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

