Қозоғистонда каждр тайёрлаш тизими қайта кўриб чиқилади

Қозоғистонда каждр тайёрлаш тизими қайта кўриб чиқилади

Қозоғистонда йил охиригача Миллий касблар трансформацияси маркази ишга туширилади. Умуман олганда, йил бошидан буён мамлакатда 160 та ихтисос бўйича 3 мингтадан зиёд таълим дастури янгиланди. Ҳукумат йиғилишида ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрлашдаги янги ёндашувлар кўриб чиқилди. Янги технологиялар ривожланиши сабабли замонавий мутахассислар танқислиги сезилмоқда. Тегишли ҳисобларга кўра, 2035 йилгача мамлакат иқтисодиётига 3 миллион нафарга яқин ишчи керак. Эҳтиёжнинг ярмидан кўпини ишчи мутахассислар ташкил қилади.

Жулдуз Сулейменова, Қозоғистон Республикаси Маориф вазири:

- Ушбу мақсадда 2025-2027 йилларга мўлжалланган техник ва касб-ҳунар таълими тизимини трансформация қилиш бўйича йўл харитаси рўёбга чиқарилмоқда. Талабаларнинг касбий малакасини кенгайтириш учун микроквалификация ва майнерлик дастурлари жорий этиляпти. Ишчилар малакаси бўйича таълим дастурлари сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш кўникмаларини ўз ичига олади. Таълим дастурлари реестри "Сareer.enbek" Миллий малакалар тизими рақамли платформаси билан интеграция қилинди. Бу дастурлар мазмунини касбий стандартлар билан боғлаш имконини берди.

Шунингдек, ҳар бир ҳудудда иқтисодиётнинг устувор тармоқлари бўйича кадрлар тайёрлаш, уларни мустақил сертификатлаш бўйича кластерлар ташкил этилиши кўзда тутилган. Мутасаддилар турли йўналишларидаги иш ўринлари турлари ва сонини прогноз қилиш бўйича тизимли иш олиб боради. Маълумотлар мунтазам янгиланиб, «Enbek.kz» ахборот тизимига жойлаштирилади. Шу билан бирга, рақамлаштириш ва сунъий идрокни ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш тизимини қайта қуришга устувор аҳамият берилади.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири

- Давлат раҳбари турли йўналишларда замонавий технологиялардан фойдаланиш орқали иш унумдорлигини оширадиган мутахассисларига эҳтиёж борлигини қайта-қайта таъкидлаган. Ишчи касбларига эътибор лозим. Ҳар қандай ишлаб чиқариш соҳасидаги мутахассис рақамли бошқарув тизимлари билан профессионал даражада ишлаши, аниқ вазифаларни ҳал қилиш учун янги технологиялар ҳамда сунъий интеллект воситаларидан фойдалана олиши керак. Кадрлар тайёрлаш тизимини ушбу мақсадларга мослаб, қайта қуриш зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси.