Қозоғистонда автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш устидан назорат кучайтирилади. Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда йўл тармоғи сифатини ошириш Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Мактубида белгиланган устувор вазифалардан бири. 2029 йилга бориб яхши техник ҳолатдаги маҳаллий йўллар улуши 95 фоизга етказилиши мўлжалланяпти. Бунинг учун Транспорт вазирлиги маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан фаолиятни мувофиқлаштириш ҳамда йўл ишлари сифатини мустақил назорат қилишни кенгайтириш ниятида.
Тўлеген Абдуллин, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси:
- Вилоят ва туман аҳамиятига молик йўллар учун масъул бўлган маҳаллий ижро органлар ишини режалаштиришда, таъмирлаш ишларини амалга оширишда тегишли тартибда соҳа вазирлиги билан келишиб иш тутади. Бундан ташқари, мустақил сифат назорати масаласига келсак, бу ишларни бажариш бизнинг ташкилот - сифат маркази томонидан амалга оширилади.
Йўл ишлари сифатини оширишга янги назорат механизмлари ёрдам беради, қурилиш меъёрлари ҳам қайта кўриб чиқилади, пудратчи ташкилотларининг масъулияти кучайтирилади. Ушбу чора-тадбирлар йўл қопламасининг чидамлилигини ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Тўлеген Абдуллин, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси:
- Бундан ташқари, биз бугунги кунда йирик лойиҳаларда ҳамма ишни тугатиб, топшириш қоидасини жорий этмоқдамиз. Бунда пудратчи ташкилот ўзи лойиҳалаштиради, рўёбга чиқаради ва кўрсатилган муддат – 5-7 йил давомида маромида ишлашини таъминлайди. Учинчи восита ҳам бор. Ҳаммамизга маълум, Қурилиш кодекси доирасида шу йил бошидан кафолат мажбуриятлари назарда тутилади. Улар қурилиш ва реконструкция учун 7 йилгача, таъмирлаш ишлари учун 5 йилгача узайтирилди.
Транспорт инфратузилмасини модернизацияси давом эттириляпти. «Кўкшетау - Петропавловск» автомобиль йўлининг 165 километрли қисми тўрт қаторга кенгайтирилади. Лойиҳа 2027 йилдан бошлаб амалга оширилади. Евроосиё Иқтисодий иттифоқи ички чегараларидаги 37 та автомобиль ўтказиш пункти модернизация қилиняпти. Тўртта объектда ишлар жорий йилда, қолган 33 таси келгуси йилда якунланади. Ушбу чора-тадбирлар транспорт қатнови самарадорлигини оширишга қаратилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси

