Қозоғистон ва Хитой 15 миллиард долларга тенг 70 тадан зиёд шартнома имзолади

Қозоғистон ва Хитой 15 миллиард долларга тенг 70 тадан зиёд шартнома имзолади

Қозоғистон Президенти Шанхайда Хитойнинг юқори технологик компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатимиз ва Хитой ўртасидаги алоқалар мисли кўрилмаган даражада ривожланганини таъкидлади. Ўтган йили товар айирбошлаш 49 миллиард долларга етди, Хитойнинг Қозоғистон иқтисодиётига киритган сармояси 30 миллиард доллардан ошди. Давлат раҳбари технологик ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Экибастуз шаҳридаги Data Center Valley лойиҳасига алоҳида тўхталмоқчиман. Бу мамлакатимизнинг ўзига хос стратегик ташаббусидир. Ўйлаймизки, ушбу лойиҳа Қозоғистон ва бутун Марказий Осиё рақамли инфратузилмасининг асосий таянчига айланади. Асосий мақсад: маълумотларни қайта ишлаш марказлари, булутли хизматлар ва сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш учун халқаро даражадаги майдонча шакллантириш. Инвесторларга тўлиқ жиҳозланган майдонлар ва замонавий инфратузилма тақдим этилади.


Қозоғистон Хитой, Марказий Осиё, Кавказ, Яқин Шарқ ва Европа ўртасидаги асосий транспорт-логистика марказига айланишга интилмоқда. Бунинг учун мамлакат юклар чегараларни жадал кесиб ўта оладиган Евроосиёнинг ягона рақамли транспорт маконини шакллантириш ниятида. Божхона ва логистика хизматларини ягона рақамли тизимга бирлаштирилган "Smart Cargo" платформаси бунга ёрдам беради. Президент хитойлик инвесторларни ушбу ташаббусни амалга оширишда иштирок этишга чақирди. Ҳамкорликнинг яна бир нуқтаси - Digital by Default тамойили асосида яратилаётган Алатау шаҳри.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Шаҳар минтақанинг етакчи рақамли молиявий марказларидан бирига айланади. Шу мақсадда биз рақамли активлар, токенлашган технологиялар, блокчейн ва крипто саноатини ривожлантириш учун замонавий ҳуқуқий тартибга солиш тизимини яратмоқдамиз. Шубҳасиз, бу ишда рақобат ҳуқуқи ва махсус солиқ тартиби асосий таянч бўлади. «Алатау» лойиҳаси иштирокчилари «Астана» халқаро молия маркази экотизими имкониятларидан фойдаланиши мумкин.


Қозоғистон Президенти, шунингдек, ўта муҳим минерал конларини ўзлаштириш, AgriTech, сунъий интеллект ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини кўрсатиб ўтди. Қозоғистон ва Хитой Евроосиёда янги технологик давр қиёфасини шакллантириши мумкин. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Шанхайга амалий ташрифи доирасида умумий қиймати 15 миллиард доллардан зиёд бўлган 70 тадан кўп тижорат шартномаси имзоланди.

Абдумалик Сарманов таржимаси