Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Германия канцлери Фридрих Мерц билан музокара ўтказди. Томонлар Қозоғистон ва Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишини маълум қилди, икки давлат ҳукуматлари ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш устида ишлашини таъкидлади. Томонлар халқаро тузилмалар, шу жумладан, «Марказий Осиё-Германия» форматидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олди. Давлат раҳбари 21 йил ичида Германиядан Қозоғистонга 8 миллиард доллар инвестиция келганини айтиб, сармоявий хавфсизликни таъминлаш алоҳида назоратга олинганини таъкидлади. Бугунги кунда қўшма инвестиция портфелида 54 миллиард доллар қийматга эга 40 та саноат лойиҳаси мавжуд.
Музокаралар доирасида умумий қиймати қарийб 2 миллиард долларга тенг 30 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказган брифингда маълум қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Фридрих Мерц музокаралар самарали ўтганини, улар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга йўл очишини эътироф этди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Германия халқаро майдонда жуда обрўли давлат. Шунинг учун мен ушбу мамлакатга янги келишувларга эришиш борасида катта умид билан келдим. Тегишли шартномаларга эришдик, энди уларни бажариш вазифаси турибди. Шунинг учун, аввал айтганим каби, келажакка ижобий назар билан қараяпман. Бундан ҳам яхши натижага эришамиз, деб тўла ишонаман.
Фридрих Мерс, Германия канцлери:
- Бир қатор меморандумлар имзоланди, яна бир неча ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. Ўрта бизнесимиз самарали икки томонлама муносабатлар туфайли Қозоғистон билан боғланган. Ҳозир ҳамкорликнинг янги имкониятларини излаяпмиз. Қозоғистон нефтини етказиб бериш бўйича музокаралар манфаатлар доирасига киради. Хомашё манбаларини диверсификация қилмоқдамиз. Шуни таъкидлаш керакки, Қозоғистон минтақада муҳим иштирокчи ҳисобланади. Бундан ташқари, биз «Марказий Осиё+1» формати ҳақида гаплашдик. Учрашув 2027 йил бошида ўтказилади.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

