Қозоғистон Президенти Бельгияликлар қироли ва қироличаси билан музокара ўтказди

Қозоғистон Президенти Бельгияликлар қироли ва қироличаси билан музокара ўтказди

Қозоғистон билан Бельгия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликда янги саҳифа очилди. Ақўрдада бельгияликлар қироли Филипп ва қиролича Матильданинг расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу - Бельгия монархларининг мамлакатимизга илк давлат ташрифи. Олий мартабали меҳмонлар шарафига Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари вертолётлари Қозоғистон ҳамда Бельгия давлат байроқларини ҳилпиратганича парвоз қилди. Тантанали тадбирда Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев ва қирол Филипп расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирди. Фахрий қоровул ротаси бошлиғи рапорт берди, Президент оркестри икки мамлакат мадҳияларини ижро этди.

Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 35 йил давомида Астана ва Брюссель дўстлик, ўзаро ҳурматга асосланган яқин алоқалар ўрнатди. «Ҳамкорлик узлуксиз сиёсий мулоқотга асосланган», деди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Давлат раҳбари беш йил аввал қиролликка ташрифи, ундаги музокараларни илиқлик билан эслади. Жорий йилнинг июнь ойида Брюсселга ташриф ҳамда Бош вазир Барт Де Вевер билан учрашув эса ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилганлигини тасдиқлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Сизни Астанада кутиб олиш мен учун катта шараф. Бу тарихий ташриф жамиятимизда катта қизиқиш уйғотди. Қозоғистонга қадам ранжида этган нуфузли делегация таркибига Ҳукумат ва минтақа ҳокимият органлари, тадбиркор доиралар, академик ҳамжамият, оммавий ахборот воситалари вакиллари кирганидан миннатдорман. Валиаҳд шаҳзода сифатида Қозоғистонга уч марта ташриф буюргансиз. Мамлакатимиз билан муносабатларни ривожлантиришга содиқлигингизни юксак қадрлаймиз, шу билан брга қўллаб-қувватлашингизни доимо ҳис этамиз.

Ўз навбатида, қирол Филипп билан қиролича Матильда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ютуқларини, Қозоғистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ошганини алоҳида таъкидлади.

Филипп, Бельгияликлар қироли:

- Қозоғистон биз учун жуда муҳим мамлакат, у юқори ривожланиш суръатларини намойиш этмоқда. Марказий Осиё минтақаси ҳам катта аҳамиятга эга. Бельгия аҳли минтақангизга катта қизиқиш билдиради, бу ерга нуфузли делегация ҳамроҳлигида келдик. Албатта, биз бир-биримизни яхши биламиз. Мамлакатларимиз 35 йилдан буён ажойиб муносабатларга эга ва биз ушбу муҳим санани нишонлаш ниятидамиз. Айни вақтда, ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқа олишимизга ишонамиз.

Кенгайтирилган таркибдаги музокараларда Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Бельгияни Европадаги вақт синовидан ўтган ишончли ҳамкор, деб билишини айтиб ўтди. Ушбу мамлакат миллий иқтисодиётнинг энг йирик 10 та сармоядорлари қаторига киради, «бу эса Қозоғистон келажагига бўлган ишончни яққол кўрсатади», деди Давлат раҳбари. Томонлар ҳамкорликни кенгайтириш учун транспорт ва логистика, ўта муҳим минераллар, қайта тикланадиган энергетика, агросаноат мажмуаси, сунъий идрок соҳаларида катта салоҳият борлигини кўряпти.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Сиз, Жаноби Олийларига ҳамроҳлик қилаётган давлат идоралари, ҳудудий ҳокимият ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари, таниқли олимлар билан оммавий ахборот воситалари вакилларини алоҳида мамнуният билан қутлайман. Эртага Қозоғистон-Бельгия Тадбиркорлар кенгашининг тўртинчи йиғилишини сабрсизлик билан кутмоқдаман. Ушбу ташаббус истиқболли имкониятларни рўёбга чиқариш ва барқарор амалий натижаларга эришиш учун самарали платформага айланиб бораётганини кўришдан мамнунмиз. Биз, шунингдек, Европа Иттифоқи доирасида ва кўп томонлама майдончаларда Бельгия билан ҳамкорликни қадрлаймиз.

Бельгияликлар қироли ва қироличасининг ташрифи давомида ректорлар форуми, шу билан бир қаторда ўта муҳим минераллар бўйича давра суҳбати ўтказилади, унда ўнлаб шартномалар имзоланиши кутилмоқда. Ташриф дастурига Астана ва Алмати шаҳалари киритилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси