Қозоғистон Президенти 2027 йилни Кенг кўламли умумхалқ қурилиши йили деб эълон қилди

Қозоғистон Президенти 2027 йилни Кенг кўламли умумхалқ қурилиши йили деб эълон қилди

Қозоғистон Президенти халққа Мактубида 2027 йилни Кенг кўламли умумхалқ қурилиши йили деб эълон қилди. Дастур мамлакатнинг барча минтақаларини қамраб олади. Унда уй-жой, ижтимоий объектлар қуриш, коммунал инфратузилмани модернизация қилиш кўзда тутилган. Йирик шаҳарлар, туман марказлари, қишлоқларда катта ишлар амалга оширилади. Лойиҳалар рўйхати минтақаларнинг эҳтиёжи ва инфратузилма ҳолатидан келиб чиқиб шакллантирилади.

Бақитжан Жунисбеков, Қозоғистон Республикаси Қурилиш ва саноат вазирлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ишлари қўмитаси раиси:

- Қурилишнинг аниқ режаси, ўйлайманки, ушбу йўналиш доирасида иш олиб бориладиган объектлар рўйхати кўринишида тайёрланади. У жорий йил охиригача шакллантирилади. Барча вазирликлари рўйхат устида ишлаяпти. Умуман олганда, 2029 йилгача амалга ошириладиган фаолият ҳажми ҳақида етарлича шаффоф тасаввур пайдо бўлади, деб ўйлайман.

Кенг кўламли дастур қўшимча қурилиш материаллари талаб қилади. Бугунги кунда соҳа эҳтиёжларининг қарийб 70 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар беряпти. Қурилиш майдончаларини таъминлаш учун вазирлик талабни олдиндан баҳолаш ҳамда корхоналар маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга улгуриши учун улар билан узоқ муддатли шартномалар тузишни режалаштирмоқда.

Бақитжан Жунисбеков, Қозоғистон Республикаси Қурилиш ва саноат вазирлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ишлари қўмитаси раиси:

- Кенг кўламли фаолият қурилиш материалларига эҳтиёжни таҳлил қилиш ва оффтейк-шартнома тузиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, давлат томонидан товар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чораларини режалаштириш билан бирга олиб борилади.

Дастурни молиялаштириш учун бир неча манбалар кўзда тутилган. Давлат раҳбари ўз Мактубида таъкидлаганидек, маблағнинг умумий ҳажми 6,5 триллион тенгени ташкил этади. Шундан 1,5 триллиони яқин вақт ичида берилиши режалаштирилган. Бюджет, хусусий инвестициялар ва халқаро молия ташкилотлари маблағи жалб этилади. Бундан ташқари, давлат-хусусий шерикчилик механизмларидан фойдаланилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.