Қозоғистон 2033 йилгача камида 10 та йўлбарсни ёввойи табиат қўйнига қўйиб юборишни режалаштирмоқда

Қозоғистон 2033 йилгача камида 10 та йўлбарсни ёввойи табиат қўйнига қўйиб юборишни режалаштирмоқда

Амур йўлбарси «Иле-Балқаш» қўриқхонасига жўнатилди. Қозоғистонда ушбу ҳайвон турини реинтеграция қилиш дастури доирасида ёввойи табиатга иккинчи жондор чиқарилди. Аввалроқ Умид лақабли урғочи йўлбарс табиий муҳитга қўйиб юборилган эди. Мутахассислар унинг тарихий маконга тез мослашганини таъкидлашди. Табиатга чиқарилишидан олдин улар ветеринария текширувлари ҳамда хулқ-атвор синовларидан ўтказилди. Мутахассислар йўлбарсларнинг саломатлиги, ов қилиш кўникмалари, мустақил равишда озуқа топа олиши, шунингдек, одамларга нисбатан ўзини тутишини баҳолади. Эслатамиз, келишув доирасида ўтган йили Россия тўртта Амур йўлбарси берган эди. Қолган икки йўлбарс келаси йилнинг баҳорида озод қилиниши кутилмоқда. Қозоғистонда 2033 йилгача камида 10 та жондор эркин яшай бошлаши режалаштирилган. Бу йиртқич 70 йил аввал қозоқ даштларида қириб юборилганди.

Алибек Қуантиров, Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий захиралар вазири:

- Иккита йўлбарснинг табиатга чиқарилиши кўп йиллик фаолиятнинг амалий натижаси. Эндиги вазифа - уларни мунтазам мониторинг қилиш, табиий яшаш муҳитини сақлаб қолиш, озуқа захираларини тиклашда давом этиш. Пировард мақсадимиз, Или дарёси водийси ва Жанубий Балхаш минтақасида, табиий муҳитда барқарор кўпайиб борадиган йўлбарслар популяциясини шакллантириш. Бу ишни мутахассислар тавсияси асосида босқичма-босқич давом эттирамиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси