Қосим-Жўмарт Тўқаев таълим соҳаси учун вазифаларни белгилаб берди

Қосим-Жўмарт Тўқаев таълим соҳаси учун вазифаларни белгилаб берди

Бугун Қозоғистон Президенти педагоглар форумида таълим соҳасининг келажаги ҳақида гапирди. Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат соҳани ривожлантиришга ҳамиша катта эътибор қаратаётганини таъкидлади. Шу жумладан, сўнгги 7 йилда соҳани молиялаштириш 3 марта ошди ва 6,4 триллион тенгега етди. Сўнгги 5 йилда 1 миллион нафардан зиёд ўқувчига мўлжалланган 1 минг 100 тадан зиёд мактаб барпо этилди. Моддий-техник база янгиланди. "Педагогнинг мақоми тўғрисида"ги махсус Қонун туфайли ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузи оширилди. Айтганча, TALIS-2024 тадқиқотига кўра, ушбу кўрсаткич бўйича Қозоғистон дунёда 2-ўринда. Ўқитувчиларнинг иш ҳақидан қониқиши даражаси бўйича эса мамлакатимиз дунёдаги илғор бешликка киради. «Аммо ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам бор», деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Мамлакатимизда 5 мингтадан зиёд ўқитувчи етишмайди. Бу аҳолининг доимий ўсиши ва янги мактаблар қурилишининг юқори суръатлари билан боғлиқ. Мазкур омиллар педагогларга бўлган талаб ошишига олиб келади. Бу масала бўйича тегишли вазирликдан янгича ёндашувлар кутаман. Бундан ташқари, ўқитувчиларнинг малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ёш мутахассисларни мактаб ва боғчаларда амалий ишларга максимал даражада мослаштиришга ёрдам берадиган ягона тизим шакллантиришни таклиф қилинди. У батафсил ўрганилиши ва зарур ҳолларда жорий этилиши лозим.

Давлат раҳбари ўрта таълим тизимига сунъий идрокни жорий этиш масаласига ҳам тўхталди. У Ҳукуматга сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ахлоқий, ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатларини ҳисобга олувчи ягона стандарт жорий этишни топширди. Бундан ташқари, Президент иқтидорли болаларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чоралар кўриш бўйича топшириқ берди. Пул мукофотлари нафақат олимпиадалардаги муваффақиятлар, балки илмий лойиҳалар танловларидаги ғалабалар учун ҳам тўланади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Сентябрь ойида Сунъий интеллект университети эшиклари очилади, лекин бу етарли эмас. Ҳукумат Хитойнинг янги технологияларни ўзлаштиришдаги катта тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Астанада Қозоғистон - Хитой сунъий интеллект мактабини очиш масаласини ишлаб чиқиши зарур.

Конференцияда Президент таълим соҳасидаги ютуқлари ва мамлакатимиз олдидаги алоҳида хизматлари учун педагогларга давлат мукофотлари топширди. Шунингдек, Қосим-Жўмарт Тўқаев замонавий сунъий идрок стартаплари ва мактаб ўқувчилари ютуқларига бағишланган "Илм келажаги" кўргазмасини кўздан кечирди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.