Бугун
Хитойнинг Синьхуа ахборот агентлиги Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев
берган ёзма эксклюзив интервьюнинг тўлиқ шаклини эълон қилди. Унда давлат
раҳбари Қозоғистон-Хитой муносабатлари, савдо, сунъий идрок, транспорт
йўлаклари ва халқаро масалалар ҳақида батафсил фикр-мулоҳазаларини билдирган.
Хусусан, Президент Қозоғистоннинг транспорт-логистика салоҳияти ва икки
давлатнинг шу соҳадаги ҳамкорлиги истиқболлари тўғрисидаги саволга батафсил
жавоб қайтарган. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлагани каби, буни, биринчи ўринда,
юк ташувидаги ўсиш кўрсатиб турибди. 2025 йил якунларига кўра, трансчегаравий
темирйўл ташувлари ҳажми 35 миллион тоннадан, автомобиль транспортида саккиз
миллион тоннадан ошган, бу ўтган йилгига қараганда, 40 фоиз ортиқ. Қолаверса,
Қозоғистонда ишга туширилган янги Орол-Каспий магистрали ўтказув қувватини икки
марта оширади ва етказиб бериш вақтини
мамлакат ҳудудида беш кундан уч кунга қисқартиради. Қўшимча 20 миллион тонна юк
оқимини барпо этилаётган учинчи темир йўл - Аягўз-Тачэн таъминлаб беради.
Бундан ташқари, ўсаётган ҳажмларга хизмат кўрсатиш учун Қозоғистон ва Хитой
тегишли инфратузилма ярата олди. Унга Ляньюньгандаги қўшма логистика терминали,
«Хоргос - Шарқий дарвоза» қуруқлик порти, Сиан ва Алматидаги терминаллар, Ақтаудаги контейнер
хаби ва тез орада Қозоғистон Бош
консуллиги очиладиган Чэндудаги юк терминали киради.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон
Республикаси Президенти:
– Амалда биз ягона тармоқни вужудга
келтирамиз, у Хитой ишлаб чиқариш марказларини Каспий минтақаси, у орқали
Европа бозори билан боғлайди. Шу тариқа, Қозоғистон Евроосиёнинг
транспорт-логистика хаби мақомини олишни мақсад қилган, бунда юк ташуви билан
бир қаторда, логистика, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш, электрон савдо ва замонавий
сервислар ҳам ривожланади. Бошқача айтганда, транзит иқтисодиётидан ўзаро
транспорт алоқасига эга иқтисодиётга ўтишимиз шарт. Пировард вазифамиз шундан
иборат бўладики, бизнинг ўзига хос жуғрофий жойлашувимиз умумий тараққиётга,
минтақалар ривожига ва фуқаролар фаровонлиги ортишига хизмат қилсин.
Ва
бу Қозоғистон-Хитой ҳамкорлигининг йўналишларидан биттаси. Давлатлар
металлургия, яшил энергетика, рақамлаштиришни фаол равнақ топтираётир. Биргина
саноат кооперацияси сармоя ҳажми 62 миллиард доллардан зиёд бўлган 260 та
лойиҳани ўз ичига олади. Яна бир тахминий ўсиш нуқтаси, Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз
интервьюсида айтиб ўтганидек, саноатда, тиббиёт, транспорт, шаҳар бошқарувида
сунъий идрокни қўллаш. Қолаверса, Президент
таъкидлаганидек, сентябрь ойи охирларида Алматида бўлиб ўтадиган «Қозоғистон-Хитой» инвестициявий форуми янги
лойиҳалар ишга тушириладиган майдончага айланиши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

