Қозоғистон ва
Хитой ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган юқори даражада. Астана Пекин
билан абадий, ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлашга, уни янги
мазмун билан бойитишга, ҳамкорликнинг янги уфқларини очишга тайёр. Бу ҳақда
Қозоғистон Президенти "Синьхуа" агентлигига берган эксклюзив
интервьюсида айтиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича,
мамлакатларимизни умумий чегара ва кўп асрлик яхши қўшничилик тарихи
бирлаштириб туради. Унга кўра, айнан шундай муносабатлар икки халқ
манфаатларига мос, Евроосиё маконида тинчлик ва барқарорликнинг муҳим омили
бўлиб хизмат қилади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Стратегик
шериклигимиз кенг қамровли бўлиб, савдо, инвестиция, энергетика ва транспортдан
саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш, тиббиёт, фан, таълим ва
маданиятгача бўлган барча муҳим соҳаларни қамраб олди. Икки томонлама савдо ҳажми ўсиши бўйича рекордлар ўрнатилиши давом этмоқда. Хитой Қозоғистоннинг ташқи
савдо ҳамкорлари орасида биринчи ўринда туради. Транспорт ва логистика ўзаро алоқалардаги стратегик
йўналишлардан бирига айланди. Қозоғистон Шарқ ва Ғарбни боғловчи табиий бўғин ҳисобланади.
Хитойлик ҳамкорлар билан бирга ушбу географик устунликни Евроосиё миқёсидаги
замонавий транспорт-логистика инфратузилмасига айлантирмоқдамиз.
Бундан ташқари,
Президентга кўра, Қозоғистон-Хитой ҳамкорлигининг технологик ўлчови - сунъий
интеллект, рақамли технологиялар, робототехника, янги энергия манбалари ва
юқори технологияли ишлаб чиқариш соҳалари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатлар халқаро майдонда ҳам
фаол ҳамкорлик қилиб, БМТнинг марказий ролини мустаҳкамлаш, халқаро ҳуқуқ
тамойилларини ҳимоя қилиш, медиация ва кўп томонламаликни илгари суриш,
можароларни тинч йўл билан ҳал этиш масалаларида ўхшаш мавқеда эканлигини таъкидлади. Келгуси йилда Қозоғистон
ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 35 йил тўлади. Ушбу даврда икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги бевосита алоқалар ҳам фаол ривожланди. Туризм,
академик мобиллик ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик дастурлари кенгайиб бормоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси

