Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон билан Бавария ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон билан Бавария ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилди

Қозоғистон Президенти Мюнхенда Бавария Бош вазири Маркус Зёдер билан учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Германия президенти ва канцлери билан эришилган келишувларни аниқ лойиҳалар билан бойитиш зарурлигини, бу борада Бавария асосий ҳамкорлардан бири эканлигини таъкидлади. Минтақа технологияларини мамлакатимиз имкониятлари билан бирлаштириш катта натижаларга эшик очади. Транспорт алоқаларини ривожлантириш Қозоғистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаши муқаррар. Ўз навбатида, Маркус Зёдер Қозоғистон билан ҳамкорликни янада такомиллаштириш учун янги ўсиш нуқталари  изланаётганини айтиб, Қозоғистон Президентига республикада фаолият юритаётган Бавария компанияларини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Бавария Ландтаги раиси Илзе Айгнер билан парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Давлат раҳбари Берлинда Германия олий раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокаралар самарали бўлгани, дунёнинг учинчи йирик иқтисодиёти сифатида Германия Қозоғистоннинг Европа ва ундан ташқаридаги стратегик ҳамкори эканини айтди. Учрашув якунида томонлар мулоқотни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Бавария Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт, минтақавий ривожланиш ва энергетика вазири билан учрашди. Давлат раҳбари Хуберт Айвангерга самимий қабул ва Мюнхендаги технологик форумни ўтказишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди. Томонлар бевосита тадбиркорлик алоқаларини, ўзаро савдони кенгайтириш, сармоя жалб қилиш, қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш имкониятларини муҳокама қилди. Юқори технологиялар, саноат, энергетика ва инновация соҳаларида ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Хуберт Айвангер икки давлат иқтисодиёти бир-бирини тўлдириши Бавария компаниялари учун яхши имконият яратишини алоҳида айтиб ўтди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.