Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Темиртау шаҳрига амалий ташрифи чоғида «Qarmet» корхонаси жамоаси билан учрашди. Давлат раҳбари бугунги кунда Қарағанда комбинати мамлакат металлургиясининг флагмани бўлиб, саноат салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаётганини таъкидлади. Иқтисодиётда ишлаб чиқариш соҳасининг улуши ортиб бормоқда - у 14 фоиздан ошди. Шу билан бирга, фақат оғир саноат корхоналари 4 триллион тенге қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқарди. Ушбу ютуқлар, хусусан, «Qarmet»нинг фаол ривожланиши ва модернизация қилиниши амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқ. Давлат раҳбари Қозоғистон янги тарихий даврга қадам қўйганини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Мамлакат сиёсий тузилмасининг мустаҳкам асоси яратилди. Ислоҳотлар, энг аввало, давлатни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилмоқда, бу эса жаҳон сиёсати ҳамда иқтисодиётида юзага келган, янги, ҳали тўлиқ ўрганилмаган воқелик шароитида жуда муҳим. Қозоғистон барча афзалликлари, камчиликлари ва ҳатто ҳаётнинг мавжуд пойдеворига таҳдид соладиган қуввати бўлган сунъий интеллект қад ростлаган мутлақо янги дунёда муваффақиятли яшашга тайёрланиши керак.
Президентнинг сўзларига кўра, Қозоғистон мамлакат тарихида мисли кўрилмаган қурилиш ишлари бошлади. Барча фуқаролик инфратузилмалари янгиланади. "Халқ қурилиши" дастурига қарийб 6,5 триллион тенге ажратилади. Барча ҳудудларда йўллар, аэропортлар, вокзаллар, электр станциялари, шифохоналар, мактаблар, спорт иншоотлари қурилади ва таъмирланади. "Халқ қурилиши"да «Qarmet»нинг қудратли ишлаб чиқариш базаси катта роль ўйнайди. Қозоғистон метали қурилиш ҳамда саноатда қўлланилмоқда, тез орада премиум пўлат турлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- "Халқ қурилиши"нинг мазмунини оддий сўзлар билан: «Қурмоқ, яна бир бор қурмоқ», шаклида ифодалаш мумкин. Дарҳақиқат, биз ҳозирги ва келажак авлодларга, гарчи улар ҳам маълум қийматга эга бўлса-да, дастурлар, концепциялар эмас, балки ижтимоий инфратузилма объектларини мерос қилиб қолдиришимиз керак. Халқимиз бундан-да қулай шароитда яшашга, замонавий цивилизациянинг барча неъматларидан баҳраманд бўлишга муносиб. Адолатли Қозоғистонни барпо этиш стратегияси айнан шу мақсадларга қаратилган.
«Ислоҳотларни муваффақиятли давом эттириш учун юртимизда тинчлик ва барқарорлик, қонун ҳамда тартиб ҳукм суриши керак», деб яна бир бор таъкидлади Президент. Қозоғистон барча манфаатдор давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётган тинчликсевар мамлакат. Қосим-Жўмарт Тўқаев «Qarmet» жамоасининг мамлакат саноати тараққиётига қўшган ҳиссасини юқори баҳолади. Президент бир қатор ходимларни касбий маҳорати ва фидойилиги учун давлат мукофотлари билан тақдирлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

