Қосим-Жўмарт Тўқаев Бишкекда ШҲТни ривожлантириш ташаббусларини илгари сурди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Бишкекда ШҲТни ривожлантириш ташаббусларини илгари сурди

Қозоғистон ШҲТ доирасида ҳамкорликни ривожлантиришда янги ташаббусларини тақдим этди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Бишкекда Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғишилида чиқиш қилди. Устувор вазифалар қаторида Президент иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш, рақамли технологияларни равнақ топтириш ва сунъий идрокни айтиб ўтди. Давлат раҳбари ШҲТ Тараққиёт Банки барпо этилишини қўллаб-қувватлади ва Қозоғистон томони унинг штаб-квартирасини ўз ҳудудида жойлаштиришга ҳозирлигини маълум қилди. Яна бир таклиф – ташкилот шафелигида  университетлар, илмий тузилмалар ва технологик компаниялар иштирокида сунъий идрок марказлари тармоғини яратиш. Қозоғистон томони чегараолди ҳамкорлигининг амалдаги марказлари базасида ШҲТ трансчегаравий савдо зоналарини ишга туширишни таклиф қилди. Бугунги кунда ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро маҳсулот айланмаси жами бир триллион долларга яқинлашган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Қозоғистон минимал тўсиқлар, рақамли жараёнлар ва ривожланган транспорт-логистика алоқаларига эга бўлган кенг ШҲТ савдо ва инвестиция маконини яратиш тарафдори. Келишувлардан аниқ ташаббусларга ўтиш муҳим, деб биламиз. Биз тажриба саноат консорциумлари механизмини жорий этишни таклиф қиламиз, бу давлатлар бунга тайёр бўлиши биланоқ, барча аъзолар қўшилишини кутмасдан, лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.  Муваффақиятли ташаббуслар Ташкилот бўйлаб кенгайтирилиши мумкин.  

Қосим-Жўмарт Тўқаев ШҲТ транспорт салоҳиятига алоҳида эътибор қаратди. Ташкилот давлатлари орқали Шарқу Ғарбнинг йирик бозорларини ўзаро боғловчи асосий Евроосиё йўналишлари ўтади. Мана шу йўналишлар кесишган ерда жойлашган Қозоғистон ўз транзит инфратузилмасини мунтазам ривожлантириб боряпти. Президент фикрича, транспорт алоқаларини келгусида ҳам равнақ топтириш ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан бири бўлмоғи даркор.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти бўйлаб транспорт ташаббусларини илгари суришга кўмаклашишга тайёр. Божхона жараёнларини рақамлаштириш, электрон ҳужжатлар ўзаро тан олиниши, "яшил йўлак" тамойилига амал қилиниши ва бошқа замонавий механизмларни қўллаб-қувватлаймиз. Маҳсулотларни жўнатув нуқтасидан якуний қабул қилувчигача узлуксиз кузатиб бориш учун ШҲТнинг Ягона рақамли транзит платформасини яратиш самарали ечим бўлиши мумкин. Биз Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 2035 йилгача бўлган ўзаро транспорт алоқалари стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф қиламиз.  

Йиғилиш якунига кўра, давлатлар етакчилари ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича бутун бир ҳужжатлар тўпламини имзолади. Улардан асосийси ШҲТ 25 йиллигининг Бишкек декларацияси бўлди. ШҲТга раисликнинг кейинги – 2026-2027 йиллардаги даври Покистон раҳбарлигида ўтади.

Абдумалик Сарманов таржимаси