Марказий Осиё ва Озарбайжон раҳбарлари Чўлпон ота декларациясини имзолади

Марказий Осиё ва Озарбайжон раҳбарлари Чўлпон ота декларациясини имзолади

Қозоғистон Президенти Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Чўлпон ота шаҳрига келди. Қосим-Жўмарт Тўқаевни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси - Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Қасималиев кутиб олди.

Марказий Осиё ва Озарбайжон етакчиларининг норасмий учрашуви минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама алоқаларнинг келгуси устувор йўналишларини белгилашга бағишланди. Қозоғистон Президенти мамлакатлар ўртасидаги барча даражадаги фаол алоқалар давлатларнинг ҳамкорлик қилишга бўлган умумий интилишини акс эттиришини таъкидлади. Марказий Осиё ҳозирги кунда энг муваффақиятли даврни бошдан кечирмоқда. Минтақанинг глобал жараёнлардаги роли ортиб боряпти. Қирғизистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси этиб сайлангани ҳам бу фикр тўғрилигини тасдиқлайди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаш жараёни якунлангани бу борада катта ютуқ бўлди. Ушбу тарихий ҳужжат стратегик шериклигимизда янги босқични бошлаб беради, қардош халқларимизнинг умумий келажаги учун ўзаро ишонч, ҳурмат ва масъулиятга асосланган минтақавий ҳамкорликнинг сиёсий асосини шакллантиради.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркманистон Президентига Шартномага қўшилганлиги учун миннатдорлик билдирди. Кейинги босқич, деб ҳисоблайди Давлат раҳбари, ҳужжат қоидаларини амалга оширишни ўз ичига олиши керак. Бунинг учун зарур чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш зарур. Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувларининг тўлақонли иштирокчиси сифатида қўшилиши эса формат эволюциясида янги босқични бошлаб берди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Сўнгги йилларда минтақа ичида савдо алоқаларининг барқарор ўсиши кузатилмоқда, тадбиркорлик алоқалари кенгайиб, қўшма корхоналар ташкил этиляпти, инвестиция лойиҳалари амалга ошириляпти, гуманитар алоқалар мустаҳкамланяпти. Маданий, таълим ва ёшлар алмашинувлари сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойиди. Бу ижобий натижаларнинг барчаси қардош халқларимизни янада яқинлаштириш ва минтақанинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг барча муҳим масалалари атрофлича муҳокама қилинганини таъкидлади. Шу жумладан, маслаҳат учрашувларни ривожлантириш бўйича ҳам билдирилган таклифлар долзарблигини сақлаб қолмоқда. Қозоғистон эришилган келишувларга содиқ, мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантиришни мақсад қилган. Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий маслаҳат учрашуви якунлари бўйича Чўлпон ота декларацияси қабул қилинди.


Абдумалик Сарманов таржимаси