Нарсаларда қатъий геометриядан - ҳиссиётлар ва ижтимоий йўналишга мос қарорларгача. Ўтган 30 йил ичида итальян дизайни ва унинг жамиятга таъсири шу шаклда ўзгарди. Астана шаҳрида очилган «Дизайнда даврлар тиллари» халқаро кўргазмасида эволюция қандай кечганини яққол кўриш мумкин. Экспозицияда 1995 йилдан 2026 йилгача бўлган давр қамраб олинган, у турли мавзудаги саккизта циклга бўлинган. Ҳар бир цикл ўз даврининг хос жиҳатларини акс эттиради. Асарларда эстетика, технология ва кундалик ҳаёт уйғунлашган. Лойиҳа муаллифи ва куратори, италиялик меъмор ва дизайнер Марко Полетти айтишича, Қозоғистон пойтахтидаги кўргазма - итальян маданиятини Марказий Осиёда тарғиб қилишнинг янги босқичи. Унинг таъкидлашича, бу лойиҳалар маданий мулоқотни мустаҳкамлашга, минтақалар ўртасида янги алоқалар ўрнатишга ёрдам беради. Эслатамиз, аввалроқ кўргазма Алмати ва Бишкекда намойиш этилган эди.
Марко Полетти, архитектор, дизайнер, rўргазма куратори:
- Ушбу кўргазма Италия дизайни нафақат трендларга эргашишини, балки улардан ўзиб кетишини ва янги йўналишларни белгилаб беришини намойиш этади. Экспозиция Италия-Қозоғистон маданиятлари учрашган майдонга айланди. Бизда анъана кўпроқ буюмлар ва объектлар дизайни билан, Қозоғистонда эса интерьер безаклари ва уйғун макон яратиш билан боғлиқ. Бу ерда ушбу ёндашувлар кесишади, бир-бирини тўлдиради ва ўзаро таъсир учун макон яратади. Бу икки маданият мулоқоти учун ажойиб имконият.
Антонелло де Риу, Италиянинг Қозоғистон Республикасидаги элчиси:
- Кўргазманинг асосий ғояси - қозоғистонликларни Италия дизайни билан таништириш, айни вақтда, академик алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Шу боис, уни ўтказиш учун Санъат университетини танладик. Бу ерда билим ва тажрибамизни ёш авлод билан ўртоқлашишимиз мумкин. Ишончим комилки, ўзаро ҳамкорлик мамлакатлар ўртасида йўлга қўйилган юксак даражадаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

